Дизайнер Гулчехра Юнусова Баку мода ҳафталигида иштирок этди
Gigu бренди асосчиси дизайнер Гулчехра Юнусова, Баку шаҳрида 24-27 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Baku Fashion Week ҳафталигида Ўзбекистон номидан иштирок этди. Бу ҳақда дизайнер ўзининг инстаграмдаги саҳифасида маълум қилган.
Дизайнер Гулчехра Юнусова мазкур ҳафталикда шарқ либосларини кенг омма ҳукмига ҳавола этди. Тақдим этилган тўплам, ўзбек матоларидан яралган шарқона гўзалликнинг замонавий уйғунлиги акс этган оқшом либосларини ва аёллар салласини ўз ичига олган.
Baku Fashion Week ҳафталиги бир йилда икки маротаба ўтказилиб, жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган ҳафталик бешинчи мавсум ҳисобланади. BFW илк мавсуми 2014 йилда ўтказилган. Замонавий мода тадбири «prêt–a–porter» ва «prêt–a–porterdeluxe» йўналишидаги дизайнерлик ишларини оммалаштиришга қаратилган.
Фото: instagram.com/gigu_design
Баку мода ҳафталиги доирасидаги намойишлар Jumeirah Bilgah Beach Hotel меҳмонхонасида намойиш этилди. Мазкур ҳафталикда Озарбайжон, Грузия, Туркия, Россия, Украина ва бошқа қизиқарли тўпламларини тақдим этган бошқа давлатлар иштирок этган.
Бир неча йиллардан бери ўтказилиб келинаётган нуфузли мода тадбирида, Ўзбекистон номидан Дизайнер Гулчехра Юнусованинг иштироки ҳам албатта катта эътиборга лойиқ.
Эслатиб ўтамиз, дизайнер пойтахтимизда 29 октябрь куни Caramel номли либослар тўпламини Radisson Blu Hotel меҳмонхонасида кенг омма ҳукмига тақдим этган эди.
Пойтахтимизда ҳам 22-27 ноябрь кунларида бўлиб ўтган Тошкент мода ҳафталиги-2016 барча гўзаллик шайдоларини бир ерга жам этди. Tashkent Fashion Week-2016 қандай ўтганлиги билан бу ерда танишишингиз мумкин.
ИЗОҲЛАР 0