Тошкент мода ҳафталиги. Олтинчи кун
Подиумга Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева чиқди. Моделлар унинг ашулалари садоси остида ҳар бир Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудига хос миллий либосларда чиқиш қилдилар. Сўнгра ўзбек дизайнерлари ўзларининг миллий матоларимиздан яратган колекцияларини тақдим этишни бошладилар.
Ташриф буюрганлар биринчи бўлиб подиумда дизайнер Гулноза Саидованинг коллекциясини кўришга муваффақ бўлдилар. Эркаклар ва аёллар учун яратилган тўпламдан қоракўлдан тикилган нимчалар, камзуллар, шубалар ва пальтолар ўрин олган эди.
Сўнгра дизайнерлар Гулҳаё Бекниёзова ва Ирода Юсуповалар ўз тўпламларини тақдим этдилар. Катта олқишларга сабаб бўлган коллекцияда аёллар учун мўлжалланган турли бичимдаги қавилган чопонлар, эркаклар учун ҳам чопонлар билан бирга телпаклар ва этиклар намойиш қилинди.
Кейинги дизайнерлар Фароғат Сатторова, Нозима Аҳмаджонова ва Мафтуна Жўрабекова ипак ва органзадан тикилган узун ҳарир либослар, шимли костюмлар, кашта билан безатилган чопонларни тақдим этишди. Моделлар образини шибирма ва зебигардонлар тугаллаган.
Исторахон исмли дизайнер миллий либослар фестивали учун миллий матоларимиздан фойдаланган холда адрас ва ипакдан узун оқшом либослари, шимли костюмлар яратган бўлиб, либослар қуш патлари ва мунчоқлар билан безатилган. Либосларнинг енглари ҳам бетакрор бичимда тикилган.
Дизайнер Зулайҳо Раҳматуллаева шимли ва юбкали костюмлар, пиджаклар, плиссе қилинган узун юбкалар ва муҳташам келинлик либоси тақдим этди. Пиджакларга аноргули ва миллий нақшларимиз ёрдамида безак берилган.
Моҳир каштадўз ва дизайнер Мадина Қосимбоева ўзининг сўзана мотвидаги чопонларини тақдим этди. Ҳар бир чопон уйғун рангдаги кўйлак ва шимли костюмлар билан намойиш этилди.
Денис Томилин коллекциясида табиий матолардан тикилган костюм-юбка, пиджаклар ва кўйлакларни тақдим этди. Образ рўмол, шляпа ва қўлқоплар билан тўлдирилган бўлиб, клатчлар либосларни янада бойитган. Пиджакларга мунчоқ, дур ва стекляруслар билан безак берилган.
Дизайнер Зумрадхон Шамсиеванинг коллекциясидан тафта матосидан шимли костюмлар ва кўйлаклар устидан анор гуллари туширилган шифон ёпинчиқлар ўрин олган. Қадимий зебигардонлар тўпламни янада бойитган.
Ёш дизайнер Умида Хамидова сидирға ва атласнусха адрас, шойи, ипак, органза матоларини уйғунлаштирган холда яратилган кундалик ва оқшом либосларини тақдим этди. Плиссе қилинган матодан оқшом либоси, корсет ва кенг бичимдаги юбкалар ҳамда шимлар, ноаънанавий бичимдаги пиджаклар китоб кўринишидаги клатчлар ва бежирим шляпалар билан тўлдирилган.
Фурқат Абдураҳмонов адрас, ипак ва тафта матоларидан либосларни тақдим этди. Тафта ва ипакдан тикилган кўйлак ва шимли костюмларга адрас матосига мунчоқлар, стеклярус ва дурлардан безак берилган турли бичимдаги чопонлар тикилган.
Дизайнер Наргиза Муродова тим қора бахмалдан тикилган узун кўйлаклар, плиссеровка қилинган ялтироқ люрекс матодан юбкалар, калта қора кўйлакларни зардўзи усулида кашталар билан безатилган нимчалар ва чопонлар билан тақдим этди.
Фестиваль якунида Osiyo Ramzi Ўзбекистон дизайнерлар Ассоциацияси раиси Холида Комилова сўзга чиқиб, бу йилги Тошкент мода ҳафталиги натижалари ҳақида гапирдилар. Сўнг фестиваль иштирокчилари махсус дипломлар билан тақдирландилар. Тошкент мода ҳафталиги доирасида бу йил 10та маҳорат дарслари ва 11та мода намойишлари, жумладан Анъанавий ўзбек либослари намойиши, #beyoung ёш дизайнерлар танлови, Ўзбек дизайнерларидан муаллифлик намойиши, Италиялик дизайнерлар намойиши, Тashkent Fashion Performance ўтказилди. Шу билан Tashkent FashionWeek 2017 ўз ишини якунлади.
Намойиш меҳмонлари:
ИЗОҲЛАР 0