Тошкент мода ҳафталиги. Тўртинчи кун
Тошкент ахли биринчи бўлиб подиумда Versace, Gianfranco Ferre ва Valentino брендларининг коллекцияларини кўришди.
Versace'дан тақдим этилган тўпламда мўйналар ва тошлар билан безатилган 5та ёрқин либосларни кўриш мумкин бўлди.
Gianfranco Ferre тўпламида вельвет, духоба, чармдан яратилган 5 нусхадаги либослар намойиш этилди.
Valentino’нинг 5та ёрқин оқшом либослари мўйнали устки ёпинчиқлар билан тўлдирилган.
Marc O`Polo модалар уйи бош кийим тўплами ва аксессуарларни намойиш этишди.
Анжела Варасане, Marc O`Polo модалар уйи вакили
«Биз энг қимматли нарсаларимизни тўплаб Ўзбекистонга олиб келишга қарор қилдик. Бугун тақдим этган дизайнерларимиз бизнинг меросимиз ва Италия модасини яратувчилари. Мода олимининг ёрқин намоёндаларини тақдим этишдаги вакиллар бўлганимиздан фахрланамиз».
Gaia Boldotti брендидан турли шаклдаги ва фасондаги оқ блузка ва кўйлакларни кўриш мумкин бўлди. Шифон, пахта ва синтетика матолари ишлатилган.
Джулио Болдетти, дизайнер
«Биз яратган тўпламимизда минимализм чегараларидан чиқмаганмиз. Бу бизни доим ўзига жалб этган ва бу сафар айнан фасонлар билан ишлашга қарор қилдик. Ўзбек матоларидан таассуротларимиз катта. Ўзбек дизайнерларига ўрнатилган қоидалар чегарасидан чиқишга ҳаракат қилишларини тилаб қоламиз. Шундагина каттароқ натижалар бўлади».
Дизайнер Fulvio Lupaia 22та турли ранглардаги шарф ва ёпинчиқлардан иборат тўплам билан иштирок этди.
Фульвио Лупайя, дизайнер
«Гапни мени ёшим анча катталигидан бошлайлик ва шу сабабли тажрибам бор. Бахтимга дунё кўрганман, кўп инсонлар билан танишганман. Бу нарса эса табиатдан фойдаланиб, ишлашга ихломлантиради».
Асли рус авлодидан бўлган италиялик модельер Marina Nekhaeva 22та асимметрик либосдан иборат қора тўпламни тақдим этди.
Марина Нехаева, дизайнер
«Аждодларим рус бўлганлиги боис мен Ўзбекистон ҳақида билар эдим. Аммо менинг ҳамкасбларим қаерга йўл олаётганимиздан хабарлари ҳам йўқ эди. Яқин орада кетишимиз керак ва ҳамманинг номидан ишонч билан айтишим мумкинки биз кетишни истамаяпмиз. Шаҳар гўзаллиги-ю, халқингизнинг меҳмондўстлигини ёқтириб қолдик. Барча сизнинг матоларингиздан янги тўплам яратишни яширинча режалаштиргани аниқ».
Beltepa ўзбекча номга эга Италия бренди тўплами бахмал, адрас, атлас каби ўзбек матоларидан яратилган бўлиб, улар жун, шифон ва бахрама билан тўлдирилган. 23та либосни Туриндан келган оила вакиллари Антонелла Алотто, Чечилия ДеМарки, Джулия Постилис тақдим этишди. Антонелла Тошкентда яшайди ва у Туринга ўзбек матоларини етказишга, қизлари Чечилия дизайн ва тикиш ишларига, Джулия эса брендни бутун дунёга танишга маъсул.
Антонелла Алотто, beltepa бренд асосчиси
«Турмуш ўртоғим билан Тошкентда келганимда қизларимни бу ердаги матоларни кўришлари учун чақирдим. Шундан кейин ўзбек матоларидан яратилган либосларни яратиш ғояси туғилди. Биз Ўзбекистонни ёқтирамиз ва шу сабабли бутун дунёга унда бор гўзалликни кўрсатишни истаймиз».
Дизайнер Antonio Grimaldi’дан тақдим этилган 38та либослар намойишга якун ясади. Тўплам ўз ичига узун ва нафис оқшом либосларини, комбинезонларни, шимли костюмларни олган. Сокин ранглардаги либослар бисер, патлар, бахрама билан безатилган.
Антонио Гримальди, дизайнер
«Сўнгги либослар тўпламимни яратишга мени Парижда «Vogue» журнали учун ишлайдиган ҳамкасбим илҳомлантирди. Унинг оддийлиги, нафислиги барча образларни яратишимда ёрдам берди. Бу Ўзбекистонга илк ташрифим. Ҳалқнинг меҳмондўстлиги, самимий инсонлар ҳам мени илҳомлантирди. Бу ерда ўз уйимдагидек ҳис этмоқдаман».
Намойиш меҳмонлари:
Тошкент Мода ҳафталигининг биринчи, иккинчи ва учинчи кунлари қандай ўтганлигини ҳавола орқали ўтиб кўришингиз мумкин.
Бугун, Ёшлар ижод саройида Tashkent Fashion Performance намойиши бўлиб ўтади. Унда Тошкент мода ҳафталиги иштирокчилари ва Италия, Франция, Корея ва Қирғизистонлик дизайнерлар ўзларининг либослар тўпламини тақдим этишади. Тўлиқ дастур бу ерда.
ИЗОҲЛАР 0