Тошкент мода ҳафталиги. Учинчи кун
Намойишда биринчи бўлиб Елена Мильбергер ва Николай Нам The Mix номли ҳамкор брендлари билан чиқдилар.
53та лукда дизайнерлар трикотаж, неопрен, пахта, табиий ипаклардан кўйлаклар, пальто, шимли костюмлар, пижаклар ва бомберлар тақдим этдилар. NNAM бренди бу йил тўкилиб турадиган енгил матолар билан қаттиқ шаклларни уйғунлаштирган casual услубидаги кўйлаклардан иборат «ёғду» деб номланган коллекцияси билан чиқди. Elena Milberger эса pret-a-porte услубидаги баҳор-ёз 2018 тўплами билан намоён бўлди. Уларнинг бирликдаги бренди The Mix бўлса – бу табиий жундан яратилган устки кийимбош ва шапкалар.
Николай Нам ва Елена Мильбергер, дизайнерлар:
«Биз атайин ишимиз ажралиб туришини эмас, аксинча бир-бирини тўлдириб туришини истадик. Кўриб турибмиз, Мода ҳафталиги юксаляпти, дизайнерлар ўсишяпти, шу сабабли бизга ҳам бу ҳафталикда қатнашиш янада қизиқарли бўлиб боряпти».
Дизайнер Дина Сайфи 43та либос тақдим қилди. Йирик тўқилган устки кийимлар ва наматлар, майда тўқилган кўйлаклар, бахмал юбкалар, чарм пальтолар ва плашлар қуюқ бордо, яшил, кўк ва сиёҳранг тусларда яратилган. Профессионал моделлардан ташқари, Дина Сайфининг либосларини Fashion Терапия жамоаси тақдим қилди.
Дина Сайфи, дизайнер:
«Янги коллекцияда наматни бошқа контекстда қўллаганмиз. Ёрқин ва ранг-баранг, енгил ва ҳарир либослар осонлик билан дағал матолар билан уйғунлашган. Биз Fashion Терапия жамоасини таклиф қилишимиздан мақсад, модел қоматига эга бўлмаганлар ҳам бу либослар ўзларида қандай туришини тасаввур қилиб кўриш имконига эга бўлишлари эди. Уларнинг чиқиши муҳташам бўлди ва барчамиз бундан завқ олдик».
Dilnoza Designer бренди юмшоқ ва майин ранглардаги 49та лукни тақдим этди. Парча ва хон атласдан оқшом либослари, шифон комбинезонлар, бахмал юбкалар ва пижаклар патлар, стеклярус ва бисерлар билан безатилган.
Дилноза Эркинова, дизайнер:
«Бугунги коллекциянинг ўзига хослиги – ҳар бир майда деталигача қўл меҳнати орқали яратилганида. Ўз ўрнида Мода ҳафталиги аъло даражада ташкиллаштирилгани ва унда қатнашаётганимдан бағоят хурсандлигимни айтиб ўтмоқчиман».
Кеча якунида Mursak бренди 40та тўлиқ кийимбошни тақдим этди. Коллекция визуал тарзда иккига бўлинган бўлиб, биринчисида авангард услубидаги оқшом либослари бўлса, иккинчисида миллий услубдаги «Аъло Бахмал» либослари тақдим этилди. Унда қалин бахмалдан тикилган турфа рангдаги кўйлак, ёпинчиқ ва пиджакларни кўриш мумкин эди.
Нилуфар Абдувалиева, Mursak бренди:
«Мода ҳафталигида қатнашиш доимо фойдали, чунки бу янги нарсалар кашф этиш ва илҳомланиш учун яна бир имконият. Коллекциямда юқори сифатли бахмал, газ, адрас ва табиий рангдаги ипакдан фойдаланганмиз. Чет эллик меҳмонлар бизнинг матоларимизга мафтун бўладилар»
Тадбир меҳмонлари:
Намойишдан тўлиқ фотоҳисобот сайтимизда.
Тошкент Мода ҳафталигининг биринчи ва иккинчи кунлари қандай ўтганлигини ҳавола орқали ўтиб кўришингиз мумкин.
Бугун Мода ҳафталигининг тўртинчи куни бўлиб, италиялик дизайнерлар Fulvio Luparia ва Antonio Grimaldiдан маҳорат дарслари ҳамда либослар намойиши бўлиб ўтади. Ҳафталикнинг тўлиқ дастури билан бу ерда танишинг.
ИЗОҲЛАР 0