«Дадам бетоб» фильми кенг омма ҳукмига тақдим этилди
Алишер Навоий номли кино саройда кино ижодкорлар томонидан узоқ кутилган, Зулфиқор Мусоқовнинг «Дадам бетоб» деб номланган фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Тақдимот Зулфиқор Мусоқовнинг аввалги фильмларининг тақдимоти сингари жуда ҳам оддий, ортиқча дабдабалардан ҳоли равишда бўлиб, режиссёр фильм қаҳрамонлари ва ижодий гуруҳни бирма-бир таништириб ўтди.
Бу режиссёрнинг 27 фильми ҳисобланади.
«Дадам бетоб» фильми драма, трагикомедия жанрида суратга олинган бўлиб, бу жанрга режиссёрларимиз кўпдан буён қўл уришмаган эди. Фильм Фарҳод Абдуллаев, Феруза Саидова, Юлдуз Ражабова сингари профессионал актёр ва актрисаларни умуман бошқа қиёфа, кўринишда талқин қилган. Бизнингча бу талқин ўзини оқлаган.
Актриса Феруза Саидова гавдалантирган роль эса ўзбек киноматографиясига яна бир ўзига хос, содда, қайсар ва самимий ўзбек аёли образини олиб кира олган. Унинг хатти-ҳаракатлари, диалоглари, ўзига хослиги томошабинлар томонидан қарсаклар билан баҳоланиб турилди.
Фильмда Юлдуз Ражабованинг ўзидан кўра кўзи яхши ўйнади, сўзидан кўра кўзи яхшироқ сўзлади. Актриса Феруза Саидовадан фарқили ўлароқ, Юлдуз Ражабова диний экстремизм ғояларининг тантанаси учун кураш олиб борадиган, ҳаттоки бу йўлда тўққизта одамни ўлдирган, қўли қон аёл образида гавдаланади. Унинг ҳам хато бўлсада ўз ҳақиқатлари бор, аммо бу ҳақиқатлар барибир хато, қизиғи шундаки, у фильм сўнгига қадар ҳам пушаймон бўлмайди. Хуллас Юлдуз Ражабова ҳам ўзига юклатилган вазифани аъло даражада уддалади деб ўйлаймиз.
Терговчилик касби вакиллари жахлдор, кўп бақирадиган инсонлар бўлиши кераклигига ўрганиб қолганмиз. Бу фильм ушбу касб борасидаги тасаввурларингизни кенгайтиради. Фильмда терговчи ролини гавдалантирган Фарҳод Абдуллаев самимий, ўз ишининг фидойи ва уста терговчиси ролини ижро қилган. Ишонаверинг, бундай терговчини сиз кўрмагансиз, кўрсангиз ҳам фақат Зулфиқор Мусоқовнинг «Дадам бетоб» кино картинасида кўришингиз мумкин. Мазкур образ фильм бошланишидан токи воқеалар ривожига қадар ўсиб боради. Фильмнинг асосий вақтидан бироз ўтгандан сўнг ушбу образга меҳрингиз ҳам ошиб, унинг нақадар ўз касбининг фидойиси ва устаси эканлигига иқрор бўласиз. Худди шундай.
Тақдимот аввалида актёр Фарҳод Абдуллаевга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик.
- Фильмдаги ролингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз?
- Фильмдаги ролим барча рольларимдан фарқлироқ, чунки жиддий фильмда, терговчи ролини ижро қилганман. Терговчи ҳамма биладиган жиддий, жахлдор терговчи эмас, балки соддагина терговчи. Бошида довдиргина кўринган терговчи, фильм сўнгида қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги маълум бўлади.
- Фильмда актриса Юлдуз Ражабова билан бош рольларни ижро қилгансиз. Ёш актрисанинг маҳоратига қандай баҳо берасиз?
- Юлдуз билан «Зарб» деб номланган фильмда ҳам роль ижро қилганмиз. Маҳорати яхши, кўзи чиройли ва ифодали, кинода энг муҳими кўз деб биламан.
- Адашмасак бу фильм Зулфиқор Мусоқовнинг йигирма еттинчи фильми, нима деб ўйлайсиз, картина Зулфиқор Мусоқовнинг аввалгиларидан, даражасидами ёки ундан бир поғона баландроқни нишонга олганми? Умуман фильм тақдимотидан аввал фильмнинг мувоффақиятига қандай баҳо берасиз?
- Аввало мен ҳам бошқа томошабинлар сингари ҳали фильмни кўрмадим. Аммо фильмни кўрган кино танқидчилар, катта-катта журналистлар менга «Фарҳода ака табриклайман, давлат фильмларини одамлар кам кўради дейишарди, аммо бу фильм ҳам оддий томошабинлар, ҳам профессионал ижодкорлар кўрадиган фильм бўлибди», дейишди.
- Профессионал актёр сифатида Hollywood, Gollywood ёки Uzwood фильмларидан қайси бирларини доимий томошабинисиз?
- (Кулиб) Wоодларга ажратмасдан, довруғи баланд бўлса, яхши фильм бўлса кўравераман.
- Бугунги кунда ёш режиссёрлар орасида, сизнинг эътиборингизга тушаётган, фильмлари орқали ўзининг дасхатини қўя олаётган режиссёрлардан кимларни эътироф эта оласиз, қайсидир режиссёрнинг ишлари ёдингизда қоляптими?
- Жаҳонгир Аҳмедовнинг фильмларини кузатиб бораман, унинг фильмлари ёқяпти. Умуман бугунги кунда ёш режиссёрларимиз катта бурулиш қилиб юбормоқда деб бўлмайди, аммо ҳаракатлари, интилишлари яхши. Мен «ёшлар яхши эмас», «улар меҳнат қилмаяпти» деган гапларга қўшилмайман. Фильм суратга олинаверса, олинаверса, сараги-саракка, пучаги-пучакка ажралиб бораверади. Шунақа фильмлардан, ҳаракат, интилиш ва меҳнатдан, яхши ва бутун режиссёрлар пайдо бўлади.
ИЗОҲЛАР 0