Хазонрезги фильми премьерасига оз фурсат қолди
Баҳор фасли ижодкорлар учун жуда ҳам сермаҳсул бўлмоқда. Киноижодкорлар томошабинлар ҳукмига бирин-кетин янги картиналар тақдим этишда давом этмоқдалар.
«Ўзбекфильм» киностудияси томонидан, Зулфиқор Мусоқов режиссёрлигида тасвирга олинган «Хазонрезги» фильмининг премьера санаси ҳам маълум бўлди. Картина тақдимоти жорий йилнинг 17 март кунида соат 17:00да Республика киночилар уйида ва 18:00да Алишер Навоий номидаги киносаройида бўлиб ўтади.
Томошабинлар мазкур бадиий фильмни 18 мартдан бошлаб юртимиз кинотеатрлари катта экранларида томоша қилишлари мумкин бўлади.

Картинада бош ролларда Мунаввар Абдуллаева, Бобур Йўлдошев, Шаҳзода Матчанова, Бахриддин Абдуллаев, Хуснора Хожимуродова, Феруза Саидова, Бахтиёр Рахимов ва бошқаларни кўриш мумкин.
Фильм сюжети: Қурбон ака ва Лола опа узоқ йиллардан бери биргаликда тинч-осуда ҳаёт кечиришарди. Иккаласи ҳам ҳалол меҳнати орқали ҳаётда ўз йўлини топган, қўни-қўшнилар орасида ҳурмати баланд. Фарзандлари ҳам тарбияли, ўқимишли инсонлар бўлиб улғайишган. Аммо кунлардан бирида кутилмаган қўнғироқ сабабли эр-хотин ўзлари истамаган ҳолатга тушиб қолишади. Гап шундаки, шаҳардаги шифохоналардан биридан Лола опанинг биринчи турмуш ўртоғи оғир аҳволда ётганлиги ҳақида хабар қилишади. Эски хотиралар туфайли Қурбон ака ҳам, Лола опа ҳам мураккаб руҳий ҳолатни бошдан кечиришади. Қурбон ака ана шундай вазиятда ҳам вазминлик билан иш тутиб, тўғри қарор қабул қилади...
Сценарий муаллифи ва саҳналаштирувчи режиссёр – Зулфиқор Мусоқов;
Саҳналаштирувчи оператор – Азизбек Арзиқулов;
Саҳналаштирувчи рассом – Фазлиддин Турдиев;
Бастакор – Мария Мусақова.





ИЗОҲЛАР 0