«Мақсад» фильмининг премьерасидан
Тақдимотда фильм ижодкорларидан ташқари, актёр ва актрисалар, хонандалар, журналистлар иштирок этишди. Жумладан, Ёшлар ижод саройи олдида тўшалган қизил йўлакда Алишер Узоқов, Нилуфар Усмонова, Динейра, Муҳаммадали Искандаров, Наримон Султонхўжаев, Раъно Шодиева ва бошқаларни кўриш мумкин эди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси кўмагида яратилган мазкур картина детектив триллер жанрида. Ушбу фильм Рустам Мелиевнинг биринчи иши ҳисобланади. Шунга қарамай, режиссёр ушбу картинага профессионал актёр ва актрисаларни жалб қилган. Фильмда коррупция сабаб, ўз вақтида фош этилмаган, аксинча уни яшириш ортидан бахтли бир оиланинг тақдирига нуқта қўйилишига сабаб бўлган қонли жиноят ва уни фош этишда ички ишлар тизимида ҳалол меҳнат қилиб, адолат қарор топишига ҳиссасини қўшиб келаётган виждонли ходимларнинг маҳорати намоён этилган. Бош ролларни Сейдулла Молдаханов, Тоҳир Саидов, Бобур Йўлдошев, Шаҳзода Матчонова, Юлдуз Ражабова, Нигора Каримбоева, Анвар Картаев, Киара Крит ва Жамшид Асадовлар ижро қилишган.
Рустам Мелиев, режиссёр:
«Бу фильмнинг ғояси устида бош рол ижрочиси Жамшид Асадов билан биргаликда ишладик. У менга шу ғоя асосида фильм ишлаш таклифини билдирди. Фильмнинг асосида реал воқеа ётибди. Сценарий устида бир йил мобайнида иш олиб борилди. Бу Ўзбекистон учун янгилик дея оламан. Менга доим тажриба қилиб кўриш ва ўзим устимда ишлаш ёқади. Бу фильм орқали ҳам томошабинларга ўзгача эмоция улашишга ҳаракат қилдим. Албатта сўнгги хулосани мухлислар беради. Фильмнинг номига тўхталсам, «Мақсад» бу шунчаки ном эмас. Чунки фильмда мақсад бор. Ҳар бир қаҳрамонда мақсад бор. Ижодий жамоада мақсад бор. Бу фильм голливуд ёки болливуд фильми дея олмайман. Бу фильм ўзимизники! Биз ўзимизникини яратишни хоҳладик. Албатта томошабинлар меҳнатимизни яхши баҳолашади деб умид қиламиз».
Юлдуз Ражабова, актриса:
«Фильмнинг жанри детектив триллер бўлгани сабабли, бошқа кинолардан буткул фарқ қилади. Бу фильмда ҳар битта қаҳрамон алоҳида ўринга эга ва уларнинг ҳар бирини ўз характери бор. Воқеалар ривожида кўплаб жумбоқли саҳналар мавжуд. Менинг назаримда томошабинлар ўзини фикрларида бироз адашиб қолишлари мумкин. Шу сабабли, фильмни охиригача кўриб, хулоса чиқаришларини хоҳлардим. Ишлаш жараёни ҳақида тўхталсам, актёр ва актрисалар профессионал бўлгани учун суратга олиш жараёнлари ҳам шу даражада бўлди. Режиссёримиз ҳар битта қаҳрамон учун пухта тайёргарлик кўрганлиги сабабли ишлаш осон кечди».
Шаҳзода Матчанова, актриса:
«Бу фильм жанри бўйиса Ўзбекистонда биринчи фильм ҳисобланади. Ўйлайманки, томошабинларлар севги қиссалари, қайнона келин муносабатлари акс этган картиналардан чарчаган. Мазкур фильмда эса ўзлари учун янги мавзуни кўришлари мумкин. Кўп гапирмайман, чунки фильм детектив, агар гапирсам, фильмнинг кўпгина сирларини очиб қўйишим мумкин. Шунинг учун барчани кинони кўришга таклиф қиламан».
ИЗОҲЛАР 0