«Мақсад» ижодкорлари фильм ҳақида
Картина воқеалари, асосан, бугунги замонамизда бўлиб ўтади. Лекин 1990 йилларга ҳам мурожаат этилган. Жорий йилнинг январь ойида бошланган суратга олиш ишлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида олиб борилди.
Рустам Мелиев, режиссёр
«Албатта, фильм воқеаларини тўлиқ ҳаётий деб айтолмайман. Чунки ҳар бир кинони олиш учун ижтимоий ҳаётдаги қандайдир воқеалар сабаб бўлади. Бунда ҳам ҳар куни кўз ўнгимизда содир этилаётган, эшитаётган коррупция масаласи олиб чиқилган. Фақат бадиий тўқималар қилиш керак эди. Кино бусиз бўлмайди, ахир. Қисқача айтганда, 50 фоиз ҳаётий, 50 фоиз қўшилган воқеалардан иборат. Имкон қадар менталитетдан чиқиб кетмасликка ҳаракат қилинди. Инсон психикаси қай даражада таъсир қилишиям инобатга олинган. Албатта, 1-2 та таъсир кучи юқори кадрлар бор, аммо бунда ҳам юқоридаги жиҳатлар ўрганилган. Фильмни кўришда ёш чегараланган, фақат 16 ёшдан юқори бўлган йигит-қизлар учун мўлжалланган».
Тоҳир Саидов, актёр
«Фильмга таклиф қилинганимда жуда ҳурсандман. Аввалги ролларимдан деярли фарқланмайди. Муттахам бир инсон образида гавдаландим. Лекин картина охирида, томошабин кўз ўнгида бу қабих киши ҳам яхши инсонга айланади. Якун ижобий тугагани яхши-да. Бу фильм бугун ўзбек киносида қолипга айланиб қолган, севги-муҳаббат, бой-камбағал мавзуларидан йироқ. Тўғри, бу ерда ҳам ошиқлик бор, аммо асосий планга чиқарилмаган».
Нигора Каримбаева, актриса
«Кичик бир ролни ижро этдим. Аслида роль каттами-кичикми, албатта уни ўқиб, режиссёр билан гаплашиб, кўнглимга ёқса кейин розилик билдираман. Ролларим орасида она образи кам учрайди. Бу сафар шу ижро ишониб топширилди. Бу она мени тушунчам, қарашимдаги оналардан буткул фарқ қилади. Биламиз, ҳамма она ўз фарзандини яхши кўради, лекин бу она бунинг акси бўлгани учун бироз қийналдим».
Шаҳзода Матчонова, актриса
«Ижроимдаги роль ҳаётдаги характеримга бироз номутаносиб. Бу аёл ўз турмуш ўртоғини жуда яхши кўради, ҳурмат қилади, аммо жамиятга, ҳаётга бўлган қарашлари салбий. Нафрат бор унда».
Фильм ўзбек ва рус тилларида дубляж қилинган. Фильмнинг кенг жамоатчилик учун тақдимот маросими сентябрь ойига мўлжалланган.
Картинада асосий персонажлардан бири бўлган «Сабина» ролини россиялик таниқли актриса Киара Крит талқин этган. Фильмда Сейдулла Молдаханов, Тоҳир Саидов, Нигора Каримбоева, Бобур Йўлдошев, Шаҳзода Матчонова, Юлдуз Ражавобаларни кўриш мумкин.
Фильм пастановкачи оператори Диёр Адашев, рассом Баҳриддин Шамсиддинов, композитор Убайдулла Каримов, сценарий муаллифи Жамшид Асадов.
Фильм Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда суратга олинган бўлиб, унда ички ишлар ходимларининг фидокорона меҳнатлари, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлари ҳам кенг омма эътиборига хавола этилади.
ИЗОҲЛАР 0