«Оппоқ орзулар» фильмининг премьераси бўлиб ўтди
Фильм тақдимотига ижодий жамоа билан бирга, бир қатор киноижодкорлар ва хонандалар ташриф буюришди. Жумладан, Теша Мўминов, Толибжон Исроилов, Баҳром Ёқубов, Бурхон Шаропов, Абзал Ҳусанов, Азиз Раметов ва бошқалар.
«Оппоқ орзулар» фильми «Жийда гули» ва «Бегона баҳор» картинасининг ижодкорлари томонидан суратга олинган. Фильм альцгеймер касаллиги ҳақидаги дунё фильмлари асосида ишланган. Мазкур картина бир йилдан ортиқ вақт давомида, аниқроғи 372 кун мобайнида тасвирга туширилган. Унда бош ролларни Анвар Собиров ва Шаҳло Темирова ижро қилган. Бундан ташқари, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Муяссар Бердиқулова, Малика Жўраева ва бошқалар иштирок этишган.
Шаҳло Темирова:
«Бу фильмда яратган қаҳрамоним жудаям ҳаётни севадиган ва унга муҳаббати баланд қиз. Унинг ҳаётида шундай кутилмаган воқеалар юз берадики, натижада яқин инсонларини ўзи хоҳламаган ҳолда тарк этишга мажбур бўлади. Шу томонлама яратган образим бироз томошабинларнинг кўнглини ғашлантирадиган қаҳрамон десам ҳам бўлади. Бу фильмдаги ролим, бошқа фильмлардагига қараганда оғирроқ. Шу сабабли бу фильмда рол ўйнаш ва қанақа ўйнаш ҳақида узоқ ўйладим. Образга киришим ва мослашишим қийинроқ бўлди. Бироқ ижодий жамоа ва Анвар Собиров билан ишлаш жуда ҳам ёқди. Анвар Собиров жуда маҳоратли актёр эканликларига гувоҳи бўлдим. Улар билан бирга ишлаганимдан хурсандман».
Анвар Собиров:
«Мен бу фильмда садоқатли эркак тимсолида гавдаланаман. Олдинги фильмларимда қатъиятсиз қаҳрамонни яратганман. «Бегона баҳор», «Жийда гули»даги ролларимдан сўнг жамиятда жуда қийналиб қолдим. «Оппоқ орзулар» фильмини томоша қилган мухлислар, айниқса мени ёмон кўрган аёллар Анвар Собиров қанақа эканлигини билиб олиб, ўз хулосаларини ўзгартиришади деган умиддаман».
Эслатиб ўтамиз, Анвар Собиров «Оппоқ орзулар» фильмида кино соҳасидаги олти йиллик танаффусдан сўнг суратга тушди. Аввалроқ, у «Бегона баҳор», «Жийда гули» фильмларида бош ролларни ижро қилган эди.
«Оппоқ орзулар» фильмини 29 мартдан бошлаб, юртимиз кинотеатрларида томоша қилиш имконига эгасиз.
ИЗОҲЛАР 0