alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

“PROlogue” - кинофестивал якунлари

Ёшлар ижод саройида “Ёшлар ҳафталиги” доирасидаги  “PROlogue” – ёш ижодкорларнинг қисқа метражли фильмлари фестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда таниқли киношунос олимлар, режиссёрлар, эл ардоғидаги актёр ва актрисалар ҳамда  талабалар иштирок этди.

alt

Тадбирни ҳайъат аъзолари раиси киношунос олим Шуҳрат Ризаев очиб берди. У ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
“Ҳафталикнинг ташкил этилиши ёшлар учун яхши туртки бўлди, шу боисдан ҳам улар ўз ижодий иш намуналарини ҳеч бир профессионал режиссёр ва сценаристлардан қолишмаган ҳолда тақдим этдилар. Ҳакамлар ҳайъатигача экспертлар 100 та ижодий ишни кўрдилар ва улардан йигирматаси бизнинг ҳукмимизга хавола этилди. Очиғи бизни хурсанд қиладиган жиҳатлари жуда кўп. Ёшлар орасида ҳақиқий кино нима эканлигини англашга, сир-синоатларини беришга, жаҳон киноси, миллий киномиз тарихини билишга интилаётган ёшлар борлигидан хурсанд бўлдик. Қизиғи шундаки, бугун бизнинг киноларимиз маиший мавзуларга ўралашиб қолди, нуқул қайнона – келин можаролари мавзуидан нарига ўтмайди деган таъналар тақиб қиларди. Бугун ёшларимиз фақат маиший мавзуга ўралашиб қолмасдан, бутун кинодаги катта ижтимоий юкни ҳис қилган ҳолда фаолият олиб борган ва баҳоли қудрат фильмлар суръатга олинган. Албатта, киноларнинг савияси, даражаси, бадиий тасвири ҳар хил, лекин энг муҳими улар танлаган мавзулар ўзининг долзарблиги ҳамда жамоатчилик онгида кечаётган ўй-фикрлари мавжудлиги билан аҳамиятлидир”.

alt

Ҳайъат аъзоларининг хулосасига кўра қуйидаги номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди:

“Энг яхши сценарий” – Ҳожиматов Достон, “Қадр” фильми учун;
“Энг яхши операторлик иши” –  Истеъдод Усмонов, “Нидо” ва “Рим қироли” фильмларидаги операторлик иши учун;
“Энг яхши режиссёрлик иши” – Алижонов Ҳасан, “Нидо” фильми учун;
“Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм” – Лутфуллаев Ҳабибулло, “Оқ булут” фильми учун.

alt
alt


Шунингдек, хайъат аъзоларининг қўшимча таклифлар билан яна иккита номинация ўз эгаларига топширилди, яъни улар:


“Томошабин эътирофи” – Машраб Алиқулов, “Хиёнат” фильми учун;

“Ҳакамларнинг махсус дипломи”-  Мафтуна Аллақулова, “Вафодор” фильми учун.  

alt
 
Кинофестивалда шунингдек, бир қатор таниқли ва истеъдодли актёрларимиз Акбархўжа Расулов, Алишер Узоқов, Райҳон Уласенова, Асал Шодиева, Зарина Низомутдинова, Бобур Йўлдошев, Адиз Ражабов ва Дилноза Кубаевалар саҳна чиқиши билан иштирок этишди. Таниқли актёрларимиз кино абадий ва тарих зарварақаларида доимо сақланиб қолиши ҳақида фикрлар билдиришди. 

alt
alt
alt

Виа Шарқ гуруҳи ўзбек киносининг олтин тўпламга киритилган фильмлардаги ажойиб қўшиқларни ижро этишди. Шунингдек, ушбу куни Сардор Милано «Гладиатор» фильми саундтрекини куйлади ва “Замин” акапелла гуруҳи ҳам ўз қўшиқлари билан барча иштирокчиларни шод этишди. 
 
alt
altalt


Фестивал таассуротлари хусусида қисқача:

alt


Ҳилол Насимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, режиссёр:
Сеҳрли кино оламига кириб келишда ёшлар учун бундан ортиқ эътироф, эътибор бўлмаса керак деб ўйлайман. Хаттоки чет эллик меҳмонларимиз ҳам бунга лол қолишди. Тақдим этилган барча фильмларнинг кўриб чиқдим. Баъзан икки, уч марталаб кўришга тўғри келди. Тўғриси ғолибларни аниқлаш жуда қийин бўлди. Чунки бахсга сабаб бўладиган ишлар жуда кўп. Охир оқибатда бир тўхтамга келдик. Ҳаммаларига бундан кейинги ижодларига муваффақиятлар тилайман.

alt


Зулфиқор Мусоқов, кинорежиссёр:
– Бугунги иштирокчиларни кузата туриб, ёшлигим ёдимга тушди. Чунки мен ҳам катта кино оламига қадам қуйишдан олдин 16 ёшимда хаваскорлик кино тўгарагига қатнашганман. Институтутда театр режиссурасига ўқиб юрган кезларимда, кино билан шуғулланиб юрганим учун хатто мени олийгоҳдан хайдамоқчи бўлишган. Шунда ҳам бу касбга бўлган мухаббатим сўнмаган, бу туйғу абадийдир. Ёшларимизга ҳам омад тилайман. Мақсад сари доим олға интилиш керак.

alt
alt


Машраб Алиқулов,  “Томошабин эътирофи” номинацияси ғолиби:
– Фестивалда мен “Хиёнат” номли фильмим билан қатнашдим. Фильмнинг бош ғояси – бир ўсмир ёшдаги  қиз отасининг ижтимоий келиб чиқишидан, яъни турмуш тарзидан қониқмайди. Бу ерда мен айтмоқчи бўлган фикр ота-онани ҳеч нарсага алиштириб бўлмаслиги, уларнинг борига доимо шукрона келтириш кераклигидир. Фильмда бош ролларни таниқли, эл ардоғидаги санъаткор Эгамберди Рахимов, Санъат ва маданият институтининг 3-курс талабаси Мухайё Мирзаева ва Санъат ва маданият институтининг 4-курс талабаси Малика Авазовалар ижро этди. Шунча ижодий ишлар орасидан менинг ишим эътиборга олиганлиги мен учун ҳам шараф, ҳам катта масъулиятдир.

Ҳасан Алижонов, Тошкент Давлат Санъат ва маданият институти талабаси:

– Мен “Энг яхши режиссёрлик иши” номинациясида ғолибликни қўлга киритдим. Бундан жуда хурсандман. Бу ютуқ мени янада улкан марралар сари етаклайди деб ўйлайман. Фестивал доирасида “Нидо” номли фильмим билан қатнашдим. Фильм мавзуси икки ёшнинг билиб билмасдан қилиб қўядиган ноўрин ҳаракатлари эвазига келиб чиққан муаммолар хусусида ҳикоя қилади. Бу фильм орқали биз ёшларни огоҳлик, хушёрлик сари чорлашдан иборат. Кинонинг бош ролларида Акбархўжа Расулов, Шахло Темирова, Толиб Мўминовлар иштирок этди. Кинога ижрочиларни ўзим танладим. Сценарийни ёзиш жараёнида матн образларига мос актёрлар труппаси ҳаёлимга келган эди. Биз бирга бахамжихатликда ишладик.

Ҳожиматов Достон, “Энг яхши сценарий” номинацияси ғолиби:
– “Қадр” номли фильмни яратдим. Кино ёзувчи Эркин Усмоновнинг “Яхшилик” ҳикояси асосида ёзилган. Буни икки ой мобайнида сценарийга айлантирдик. Кинонинг бош ғояси – яхшилик, яъни инсонларнинг қилган эгзу ишлари доимий барҳаёт эканлиги, қадр-қимматининг йўқолмаслигидир. Фильм олиш жараёнида шунга амин бўлдимки, кино бир киши ёки унинг ғояси билан амалга ошадиган иш эмас. Бу ерда операторнинг, режиссёрнинг, сценаристнинг ҳамда актёр, актрисаларнинг ҳам фикри, ўрни беқиёсдир. Кинонинг асосий ижрочилари, Санъат ва маданият институти “Саҳна нутқи” профессори Исоқтой Жуманов, Республика ёш томошабинлар театри актрисаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарида Умарова, ҳамда Ўзбекистон Миллий академик театри актрисаси Гулнора Жуманазарова, Ихтиёр Атабаевлар. 
 
Мафтуна Аллақулова, “Ҳакамларнинг махсус дипломи” билан тақдирланди:
– Фестивалда “Вафодор” номли фильмим билан қатнашдим. Барчадан фарқли ўлароқ мени фильмимнинг бош образ ит ҳисобланади, яъни кино ғояси итнинг вафо тимсоли эканлигини очиб бериш. Ҳаётда ҳеч бир яқиниздан кутмаган вафодорлик, садоқатни мана шу жонивор орқали кўришиз мумкин. Ёшлигимдан жониворлар ижросидаги фильмларни севиб томоша қиламан. Мана бугун ўзимнинг ҳам шу сюжетдаги фильмим намойиш этилиб, орзуларимнинг бир қисми амалга ошди деб ўйлайман. Шунингдек, фестивал доирасида ташкил этилган маҳорат мактабларида иштирок этдим. Бу ерда бизга машҳур кинорежиссёр Ёлқин Тўйчиев ва Аюб Шахобиддинов, ҳамда киношунос Илмира Ҳасановалар бизга дарс берди. Улар ўзларининг маҳорат сирларини биз билан ўртоқлашди. 

alt
alt
alt

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 22-11-2015

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг