alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

Сени ўзим бой қиламан ёхуд Она– муқаддас зот

Алишер Навоий номидаги кино саройда янги ҳаётий «Сени ўзим бой қиламан» фильми премьераси бўлиб ўтди. Биринчи кириш эшиги олдида безатилган саҳнада премьеранинг биринчи қисми ташкил этилди.

altalt

Унда эл ардоғидаги санъаткорлар Изатилла Ибрагимов, Достон Убайдуллаев, Музаффар Абдуазимов, Шароф Муқимов, Абдурашид Йўлдошев, Масрур Усмоновлар ва бошқалар иштирок этди.

Кейинги қисм бевосита катта кино залда бўлиб ўтди. Унда кино ижодкорлари ва Comedy.uz резидентлари қатнашди. Comedy.uz резидентлари Санжар Шодиевни табриклаш учун катта нон ҳадя этишди.

alt

Бунинг маъносини санъатнинг нони қаттиқ дейишади. Ҳозир буни Санжар Шодиев тишлаб, элга кўрсатиб бериши билан изоҳлашди. Саҳнада фильм ижодкорлари санаб ўтилди, яъни:

Сценарий муаллифи – Зулхумор Солиева;

Постановкачи режиссёр – Санжар Шодиев;

Постановкачи оператор – Абдувохид Ғаниев;

Постановкачи рассом – Анвар Шодиев;

Либослар устаси – Саида Саидазимова;

Грим устаси – Шероза Саидазизова.

Фильмда бош ролларда Абдували Ражабов, Жавоҳир Зокиров, Зарина Низомиддинова, Адиз Ражабов, Санжар Шодиев, Равшан Собиров, Шоҳида Исмоилова, Абдураим Абдувахобовларни кўришимиз мумкин. Шунингдек, эпизодик ролларда Шароф Муқимов, Достон Убайдуллаев, Ёдгор Мирзажонов, Азиза Бегматовалар ҳам бор.

alt

Фильмнинг бош ғояси – санъат ахлининг бутун ички оламини она образи орқали яққол кўрсатиб беришдан иборат. Сюжети яхши ўйланган. Гуруч кўрмаксиз бўлмайди, деганларидек, албатта бир-иккита камчиликлари кўзга ташланади. Умумий олиб қараганда, мухлислар яхши қабул қилди. Шунингдек, бу фильм қайсидир санъаткорларнинг ҳақиқий ҳаётидан прототип тарзида ишланган, яъни ҳаётий кўринишга эгалиги билан аҳамиятлидир. Фильмда таъсирли кадрлар анчагина. Мухлислар қийқириғи ҳам буни исботлаб турди. Кинода фалсафа қидириш керак эмас, ҳаммаси аниқ равшан кўриниб туради. Яъни ҳазм қилиниши осон. Шунингдек, яна бир мулоҳаза фильм сюжети ва номи бир-бирига мос келмайди. Бунда ноанъанавий усул қўлланилган. Фильмда она биринчи планга чиқади. Оналарга ҳурмат, эъзозлаш, қадрлаш. Она инсоннинг бутун борлиғини ўзида намоён этувчи муқаддас тушунча эканлиги кўрсатиб берилган. Шоҳида Исмоилова доимгидек, она ролини маромига етказиб ижро этган.

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Шоҳида Исмоилова:

alt

«Инсон ҳаётда санъаткорни онаси бўладими ёки бошқа касб эгасининг онаси бўладими, у барибир она. Она фаразандларини ўйлаб, уларнинг тинчлиги учун борини беришга тайёр. Бола неча ёшда киришидан қатъий назар, она учун бола бўлиб қолаверади. «Сени ўзим бой қиламан» фильмида бош қахрамоннинг онаси ролини ижро этдим. Албатта, бошқа фильмларимдан фарқ қилади. Чунки бунда мен санъаткорни онаси қиёфасида гавдаланаман. Ролимни қай даражада ишонарли қилиб ўйнаганимга энди мухлислар баҳо беришади».

Қўшиқчи Абдували Ражабов ижроси ҳам мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун унинг ўзига мурожаат қилдик:

alt

«Даставвал ўзимнинг соҳамга яқин, ролимни ижро этишим осон кечади, деб ўйлагандим. Лекин ҳаёт бошқа, кино бошқа экан. Бошида бироз қийналдим. Етук санъаткорлар билан ишлаш ўзига яраша юк бағишлади. Аммо, биз бир жамоа бўлиб ишладик, яъни бир-биримизга ёрдам бердик. Мазкур фильм туфайли иккита янги «Она» ҳақида қўшиқ ижро этганмиз. Шеър муаллифи Тоҳир Муҳаммад, мусиқа бастакори Мусахон Нурматов, аранжировкачилар Рустам Худойберганов, Сардор Раҳматхўжаев».

 

Фильмда санъат оламида камнамо бўлиб қолган Равшан Собиров ижросини ҳам кўришимиз мумкин.

Хонанда, Равшан Собиров:

alt

«Фильмда эпизодик ролни ўйнадим. Сценарийни ўқиб кўрганимда менга ёқти ва ўзимга топширилган ролни маромига етказиб ўйнашга ҳаракат қилдим. Санъат оламида нега кўринмай қолдингиз?, деган саволни кўп беришади. Лекин кўринмай қолиш, бу ижоддан тўхтаган дегани эмас. Ижодимиз қизғин кетяпти. Бизада нима кўп, тўй кўп. Шу тўйларда мухлислар эътиборида юрибмиз. Албатта янгиликларим жуда кўп, лекин буниси сир бўлиб қолишини истайман».

 

Хўш, бу мавзуни қаламга олишга сценаристга нима туртки бўлди. Тўлиқ маълумотни сценарий муаллифи, Зулҳумор Солиевадан оламиз:

«Мазкур фильмга сценарий ёзишга туртки бўлган нарса, бугун санъаткорларимизнинг кўплиги ҳамда продюсерларнинг меҳнати. Баъзида продюсерга биз менеджердек, администратордек қараймиз. Ваҳоланки, продюсер санъаткорни шакллантирадиган шахс. Уни қадрига етишмайди ва айни замонда продюссерлар ҳам санъаткорларга шундай қарайди. Қайсидир маънода замона талаби бўлгани учун бу мавзуни қаламга олдим. Ҳар бир кинода сценарий ва фильм ўртасида муайян фарқ кузатилади. Бу албатта керак. Чунки сценарий режиссёрга тақдим этилганидан сўнг, кейин ҳама гап режиссёрга бориб тақалади. Чунки режиссёрнинг ўз нуқтаи назари, қарашлари бор. Масалан, сценарист сифатида мен масаллиқ келтириб берсам, уни қай ҳолатда тайёрлаш режиссёрнинг иши. Биргина мисол, Жавохир Зокиров, Равшан Собиров соқчиси билан озроқ урушув диалоги бор эди. Лекин Жавоҳир Зокиров бўйнидан бўғиб, ҳовузга ташлаб юбориш эпизоди бўлмаган. Бу ёғи режиссёрлик иши. Санжарнинг бу режиссёрлик ишини кўриб, уни яна бир поғона ўсганига гувоҳ бўлдик».

 

Шунингдек, фильм ва ундаги бош қаҳрамон танлови ҳусусида режиссёр Санжар Шодиевга юзландик:

alt

«Кино оламидаги бир йиллик танаффусдан сўнг, бу фильми олиш ғояси пайдо бўлган. Чунки бугун қаерга қараманг ҳамманинг оғзида санъаткорлар. Шунинг учун санъаткорларнинг биргина ҳатоси ҳам катта шов-шув ёки миш-мишларга сабаб бўлади. Лекин санъат соҳаси жуда қийин. Бош қахрамонга келадиган бўлсак, мен нима учун Абдували Ражабовни танладим, чунки унинг юзида сохталик, сотқинлик йўқ. Баъзи инсонлар борки, уларнинг юзи сотқинлигини сездириб туради. Шунинг учун Абдувалига тўхталдим. Билмадим қай даражада танловинг ўзини оқлади, буни секин-аста билиб оламиз. Кинони суратга олиш ишлари 3-4 ой давом этган бўлса, монтаж ва дубляж ишлари билан чамаси бир йил муддатга чўзилди. Фильмда актёрлар деярли ўзларига ўзлари овоз беришди. Назаримда инсон ҳеч қачон табиийликдан қочиши керак эмас. Бугун ҳаётда барчамиз замон қахрамонини қидирамиз. Лекин менинг наздимда замон қахрамони ҳеч қачон касбдан қидирилмайди. Одамдан қидириш керак... Агар мазкур фильмни кўриб, кимдир онажонисига телефон қилса ёки ҳолидан хабар олса демак мен мақсадимга эришдим. Масалан, «Жигарбандим» фильмимда ҳам худди шу ҳолат, лекин унда бош ғоя отага қаратилган эди ва кўпчилик мухлислар келиб, мен дадам билан гаплашмасдим. Мана шу фильмдан сўнг орамиз яхши бўлиб кетди дейишган. Мен албатта бундан хурсанд бўлганман. Бунда ҳам шундай мақсад. Муҳими онажонларимиз соғ бўлишсин».

 

«Сотқин» ва «Барон» фильмларидан сўнг, эл оғзига тушган актёрлардан бири Жавохир Зокиров мазкур фильмда умуман бошқача кўринишда намоён бўлди. Бу ҳақда унинг фикрлари:

«Бу фильмдаги ғоянинг қизиқлиги, ўзига хослиги ва бошқа фильмлардаги  ролларимга ўхшамаганлиги учун рол ижро этдим. Яъни фильмда продюсер қиёфасида гавдаландим. Санжар билан биринчи марта ишлашим, лекин ижодий жамоадан жуда мамнунман. Бир-биримиз билан келишиб, ҳеч қандай тушунмовчиликларсиз яхши ишладик. Ишонаманки, фильм ўз мухлисларини топади».

 

Фильмда кичик эпизодик ролни ижро этган, эл ардоғидаги санъаткор Алишер Отабоев мулоҳазаларига қулоқ тутдик:

«Эл орасида “Санъаткорларга мазза. Доим ўйин-кулгу” деган гапларни эшитамиз. Лекин санъаткорга ҳам осон эмас. Унинг ҳам оилавий муаммолари, қийинчиликлари, турмуш ташвишлари бўлади. Фақат буни санъаткор ичида сақлайди, томошабинга кўрсатмайди. Санжарбек мана шу мавзуни кўтариб чиққани, назаримда санъаткорлар ҳақидаги бўлар-бўлмас миш-мишларнинг йўқолишига сабаб бўлар. Фильмда эпизодик ролим бор, яъни неча йиллик териб-йиққанларини атаб тўй қиладиган бир инсон. Тўйига машхур санъаткорни чақирди, санъаткор келди, лекин тўсаддан онасининг тоби қочиб тез кетишини айтганида, мен жуда хафа бўлиб,оёғимни тираб оламан. Балки бу иш бир томондан тўғридир, неча йиллик орзуларини тўйга атаган одамнинг қувончи бузилса, лекин санъаткорнинг онаси ўлим тўшагида. Ахир у ҳам инсонку. Униям тушуниш керак. Мана шу каби кичик, аммо, яхши ролни иложи борича ишонарли ижро этишга ҳаракат қилдим».

 

Актёр, Отабек Маҳкамов:

alt

«Кино муваффақиятли чиққан. Фильмнинг қизиқарли жойи шундаки, агар ўша кинони номини кўриб туриб, кино нима тўғрисида бўлар экан деб ўйлаб, кинони томоша қилиб бўлгач, умуман бошқа фикрга келиб қолиш, асосан жаҳон киноларининг энг асосий мақсадларидан бири. Мен жудаям хурсандманки, ўзбек киноси ҳам жаҳон ҳамжамияти томон юксалмоқда. Мавзу эса жуда аҳамиятли. Сабаб нафақат Ўзбекистонда балки бутун жаҳонда ҳам она сўзи ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Фильмда актёрлик маҳоратлари ҳам яхши. Айниқса, қўшиқчиларнинг актёрлик маҳоратини кўрсатишларига кимдир қарши, яна кимдир оддий баҳолайди. Лекин шахсан мен ўйлайманки, қўшиқчилик ҳам, актёрлик ҳам ижод. Кимдир ўхшатолади, кимдир эса йўқ. Бу фильмга омад тилаган ҳолда бу каби долзарб мавзудаги фильмларнинг кўпайишига эътиборнинг кучайишини хоҳлардим».

Мазкур фильмни томошабинлар 26 апрелдан бошлаб пойтахтимиз кинотеатрларида кўришлари мумкин бўлади. 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 26-04-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг