«Темур» фильмининг премьерасидан
Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтган тақдимот маросимида картина ижодкорларини қўллаб қувватлаш учун Ҳилол Насимов, Умид Искандаров, Муҳаммадали Искандаров, Азиз Раметов, Муяссар Бердиқулова, Равшан Намозов, Саид Мухторов, Нурияхон, Саида, Акмал Мирзо, Диёр Маҳкамов, Азамат Ахроров, Наримон Султонхўжаев, Машхура Зулфиқорова, Далер (Саҳро) ва бошқа кўплаб ижодкорлар ташриф буюришди.
Кинотақдимот учун кино сарой олдида қизил йўлакча ташкил этилди. Фильм намойишидан олдин ижодкорлар саҳнага таклиф қилинди ва яна бир карра томошабинларга таништирилди. Шундан сўнг картина намойишига навбат берилди. Тадбирни Самандар Ҳамроқулов олиб борди.
«Темур» фильмида бутун дунёни ташвишлантирган ва долзарб мавзулардан бўлган терроризмга қарши кураш ва бу йўлда олиб борилаётган ишлар борасида ҳикоя қилинади. Шунингдек, фильмда қўшни мамлакатлар билан бўлган дўстлик алоқалари ва унинг аҳамияти тасвирланган. Аюб Шаҳобиддинов раҳбарлигида яратилган мазкур фильм, режиссёр Нодир Мўминовнинг илк иши ҳисобланади. Шунга қарамай, у фильмни савияси ва сифатига, актёрлар ансамблига катта эътибор қаратди. Картинада Нурмуҳаммад Ҳусниддинов (Алихан), Мирза Азизов, Раъно Зокирова, Маъруф Отажонов, Рустам Саъдуллаев, Рихси Иброҳимова, Эльёр Маҳкамов ва бошқа маҳоратли ижодкорлар иштирок этишган.
Режиссёр фақатгина ўзбек актёр ва актрисалари билан чегараланиб қолмасдан қўшни мамлакатларда фаолият олиб бораётган ижодкорларни ҳам жалб қилишга мувоффақ бўлди. Жумладан қозоғистонлир машҳур актёрлар Саят Исембаев, Фарҳод Абдураимов, Максим Акбаров, қолаверса, Голливуд ва Россиялик актёр Игорь Жижикин ҳам бу фильмда иштирок этган.
Раъно Зокирова, актриса: «Бу фильмда режиссёрларимиз томонидан оналар роли топширилди. Бу ролим ижобий. Чунки охирги пайтларда салбий образларга ҳам қўл уряпман. «Темур» фильмидаги қаҳрамоним ҳаммага ўрнак бўладиган, барча ўзбек аёлларига мос образ. Шуни таъкидлаб ўтаманки, бизнинг аёлларимиз ўта сабрли, бардошли уйим-жойим, фарзандим дейдиган, турмуш ўртоғига вафодор. |
Мен ҳам бу картинада ана шундай ролни ижро қилдим. Йиллар мобайнида ҳарбий хизмат сафарига кетган ва қайтиб келмаган турмуш ўртоғига вафодор бўлиб, сабр ва ишонч билан кутиб яшаб келган, Ўғлига бор меҳрини бериб, тўғри тарбия бериб, она юртимизга нафи тегадиган фарзанд қилиб вояга етказган она ролини ижро қилдим. Фильмни кўриб, кузатиб, албатта ўзимни камчиликларимни экранда кўраман. Чунки камчиликларсиз бўлмайди. Аслида бу фильм кинематография соҳасидаги катта бурилиш десам хато бўлмайди. Қолаверса, мустақиллигимизнинг 27 йиллик шодиёнасига муносиб туҳфа бўлди деб ўйлайман. Кинофильмга омад ва оқ йўл деб қоламан».
Аюб Шаҳобиддинов, режиссёр: «Бу фильмда икки хил воқеа чамбарчас боғланган. Яъни харбий хизмат билан банд бўлган инсоннинг ўғли ва террор гуруҳларини бошқараётган одамнинг ўғли, бу икки фарзанд ҳам отасининг ортидан боради. Лекин икки хил йўл: биттаси ватан ҳақида тушуниб етиш керак, бири отасининг ёвуз ниятларини фош қилиш керак бўлади. |
Улар мана шундай қийин йўлдан ўтишади. Ўйлайманки, фильм томошабинларга ҳам қизиқ бўлади. Кино фақат отишмалардан иборат эмас. Балки, ота-она, ватан тушунчалари ҳам кўтарилган. Фильмни суратга олиш ишлари 2016 йилда бошланган. Бир муддат танаффусдан сўнг 2017 йилда қайта тикланиб, суратга олишлари давом эттирилди».
Игорь Жижикин, актёр: «Бу фильмдаги ролим ҳақида батафсил гапипиршни хоҳламасдим. Чунки кичикроқ ролни ижро қилганман. Бироқ биз бу фильмни ва ундаги ролимни ҳам янада қизиқарли давом эттиришни режалаштирганмиз. Бу менинг Ўзбекистон ижодкорлари билан илк ҳамкорлигим. Ролим ҳам синов тариқасидаги ишим бўлди десам ҳам бўлади. |
Мени ўзбек продюсери Миржамол Мирзаахмедов ҳамда режиссёр Нодир Мўминов фильмга таклиф этишганидан жуда бахтиёрман. Мен бу фильмдан бу қадар кутилмаган позитив эмоция оламан деб ўйламагандим. Ўзбек киноси дунё стандартлари даражасига яқинлашганидан хурсандман. «Темур» фильми ҳам Голливуд фильмларидан кам эмаслигига ишонаман. Барчага омад тилайман ва мен сизлар билаанман».
ИЗОҲЛАР 0