alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

Вақт фильми намойиши бўлди

 Алишер Навоий киносаройда янги “Вақт” номли фильм премьераси бўлиб ўтди. Фильмда бош ролларни Шароф Шарапов, Лейла Гусенова, Мардон Отажоновлар ижро этган. Бош қахрамонларнинг ёшлигини ижро этган жажжи актёр ва актрисалар Муҳриддин Холиқовнинг набираси Асилбек Холиқов, Ясмина Азизхўжаева, Абдуғаффор Сатторов ва Озодахон Абдурасуловалар.

altaltalt

Фильмнинг қисқача мазмунига тўхталадиган бўлсак, Икки севишган йигит қизнинг чин севгиси абадиятга эришмайди. Уларга тақдир, пешона аталмиш ёзиқ имконият қолдирмайди. Йигитнинг вақт дея аталмиш унсурнинг ўткинчи эканлиги ўйлантириб, бу дунёда ҳаловатда яшамайди. Аксинча унчалик узоқ яшамаслигини айтиб, қизни ҳар гал ташвишга қўяди. Қисқа муддат оралиғида йигитнинг вафот этиши қизни буткул қоронғу дунё, зулматга олиб киради. Унинг зулматдан қутилишига эса йигитнинг яқин ошнаси ёрдам беради. Севги учлиги. Қизнинг иккинчи севгиси кириб қолган охири йўқ кўчанинг иши жуда мушкул. Лекин ҳаёт уни тўғри йўл томон ўзгаришга мажбур этди. Бу эса севги.

alt

Эпизодик рол ижрочилари - Даврон Сафаров, Лазизбек Жумаев, Маъруф Махмудов, Акбаржон Узоқов, Жаҳонгир Тўлқинов, Шоҳрух Мусаев, Шодиёра Омонова, Сайёрахон Назирова, Гулхумора Абдуллаева, Баърно Қодирова, Элёр Носиров.   

alt

Фильм ижодий гуруҳи:

Бастакорлар – Нодир Зоитов, Элбек Ҳамдамов;

Овоз оператори – Азиз Йўлдошев;

Чироқ устаси – Хуршид  Ғуломназиров;

Пардозчи ва либослар бўйича рассом – Гулмира Жумаева;

Режиссёр ёрдамчиси – Шоҳрух Шарипов;

Овоз режиссёри - Камолиддин Тожиддинов;

Оператор – Носир Абдуллаев;

Монтаж режиссёри – Асатулла Зиёхўжаев;

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр – Нодира Муроджўжаева;

Сценарий муаллифи ва постановкачи оператор –  Шерзод  Умаров.

alt

Саундтрек ижрочиси ажойиб овоз соҳибаси Муниса Ризаева. Шу куни хонанда фильмга ижодкорларни қутлаш учун ташриф буюрди ва саундтрекни куйлади. Муниса Ризаева ижросидаги ушбу қўшиқни бу ерда тинглашингиз мумкин.

Фильмни яратиш жараёнида бирга бўлган актёр ва актрисалар фикрига қулоқ тутсак:

alt

 

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр – Нодира Муроджўжаева:

“Кино психологик мелодрама жанрида бўлиб, ижтимоий ҳаётдаги барча кичик ёҳуд катта қирраларни яъни севги-муҳаббат, наркомания, суиқасд, ишонч ёки ишончсизлик кабиларни бирга жамлаган. Албатта ролларни тақсимлашга ярим танловга  ва ярим таклифга қараб танлаб олдик. Ўйлайманки, ролларни тўғри танладик. Фильм сценарийси 2008 йилда ёзилган бўлиб, съёмка жараёнига тайёргарликлар кўрилган. Шу билан 2015 йилнинг февраль ойидан бошлаб, съёмкани бошладик. Суратга олиш ишлари асосан Тошкент шаҳрида амалга оширилди. Съёмка жараёни 20 кун оралиғида бўлиб ўтди. Фильм реал воқеаларга асослангани учун биз сценарийга кўп нарсалар қўшмадик. Айрим эпизодлар олиб ташланган, баъзиларига ўзгартириш, ҳамда қўшимчалар киритилган. Кино 70 дақиқага мўлжалланган. Қисқа вақтда барча вазиятларни олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Съёмка жараёнида бироз қийинчиликлар бўлди. Кино психологик таъсирга эга бўлгани учун актёр, актрисалар бир ролдан иккинчисига ўтишга роса қийналди. Яъни вазиятдан чиқиб кетиш қийин бўлди. Айниқса эркак кишини йиғлатиш эпизоди қийин бўлди. Эркакни йиғлатишдан қийини бўлмаса керак".


alt

 

Актриса Барно Қодирова:

“Мен бу фильмда бош қаҳрамон Жаҳонгирнинг онаси ролини ижро этдим. Фильмда менга ажратилган рол кичик, лекин юки оғир. Чунки эндигина ўғлининг тўйини кўраман деб турганда, уни куёвлик либосида эмас, балки кафанда кўриш ҳар бир она учун жуда катта мусибат. Аччиқ, азобли дард бу. Билмадим ролимни қай даражада ижро этдим. Бунга албатта мухлисларимиз баҳо беришади. Аввал ҳам киноларда она ролини ижро этганман, лекин бунақанги оғир юкли бўлмаган. Бу фильм шуниси билан ажралиб туради. Шу фурсатдан фойдаланиб юртимиздаги барча гўзал аёлларимизни 8-март билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Оилаларига соғлик ва тинчлик тилайман”.

 

Актёр Тўлқинов Жаҳонгир:

“Вақт фильмида мен бош қаҳрамон ролидаги Жаҳонгирнинг яқин дўстидан бирини ўйнадим. Мени ролга таклиф қилишганда сценарий билан танишиб чиқиб, бирданига шу ролда ўйнашга розилигимни билдирдим. Сабаби бу рол ҳақиқий дўстлик ришталари эвазига бунёд бўлган. Дўстга содиқлик, вафо менимча жуда ижобий тушунчалар. Бундай дўстлик, албатта ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ҳақиқий дўстга эришиш жуда мушкул. Бу рол мени орзуимдаги роллардан бири десам адашмайман. Аваллари ҳам бир нечта фильмларда бош қаҳрамон ролини ижро этган бўлсамда, бундаги қисқа эпизодик ролим ҳам мени қониқтирди. Фильм ижодкорлари ҳам менга бегона эмас. Нодира Муроджўжаева билан бошқа фильмларда ҳам бирга ишлаганмиз. Хуллас ўзимни эркин сезган ҳолда, бемалол ҳаяжонланмасдан ролимни ижро этдим”.

 

Ёш умидли актриса Лейла Гусенова:

alt

“Бу фильм мени биринчи қадамим десам адашмаган бўламан. Чунки бундан олдин клипларда суратга тушганман, лекин кинода илк дебют ролим. Шу сабаб шекилли съёмка жараёнинг дастлабки кунлари мен учун жуда қийин бўлди. Лекин аҳил жамоада ишлаганим учун кейинчалик қийинчиликлар сезилмади ҳам. Бунинг учун барча ижодкорларга миннатдорчилигимни билдираман. Энди ролимни қай даражада ижро этдим билмадим. Буёғини кўрамиз”.

 

Раққоса Шодиёра Омонова:

“Вақт фильмида бош қаҳрамон Нигинанинг келинойиси ролини ижро этдим. Шу вақтгача 4-5та фильмда суратга тушган бўлсам, бу ролим ҳам уларга ўхшаб кетади. Шунинг учун съёмка жараёнида деярли қийинчиликлар бўлмади.  Бу фильмнинг номига келсак, вақт бу учар отдек бир зумда ўтади кетади. Кимдир ундан керагича фойдаланишга улгуради, кимлардир эса йўқ. Вақтни ғанимат деб билиш керак. Айнан мана шу қисқа вақт мобайнида ҳаётда бўлиб турадиган ўзгаришларга барча бирдек тайёр туриши керак. Инсон ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Мана шундай лаҳзалар бизнинг шу фильмда аксини топди. Шундай вазиятларда инсон далдага муҳтож. Келинойи бўлиб мен қайнисинглимни яхши ёки ёмон кунида унга кўмак, далда беришга ҳаракат қилганман. Албатта кинода. Чунки ҳали ўзим турмушга чиқмаганман”.

Фильм кўпчилик томошабинларга маъқул бўлди. Буни эса уларнинг табассумларидан ҳам билиб олиш мумкин.

1 мартдан Вақт фильми пойтахтимиз кинотеатрларида намойиш этилади. 

 

НОЗИМА МУЯССАРОВА

тайёрлади.

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 01-03-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг