«Зулмат» фильми премьерасидан
Куни кеча Алишер Навоий номли киносаройда режиссёр Дурдона Тўлаганованинг навбатдаги «Зулмат» фильми премьераси бўлиб ўтди.
Ташриф буюрган меҳмонлар орасида Алихан Бабаханов, Гулхумор Абдуллаева, Ситора Алимжоноваларни кўриш мумкин бўлди.
Тақдимотни Рустамбек Насриддинов олиб борди. Кейин анъанага кўра томошабинларга бирин-кетин фильмнинг ижодий жамоаси таништирилди.
Фильмда бош ролларни устоз санъаткорлар Муяссар Бердиқулова, Зухра Ашурова, шунингдек, Рихситилла Абдуллаев, Дилдора Хошимова, Жаҳонгир, Элёр Маҳкамов, Шодиёра Омонова, Иззат Юсупов, ҳамда жажжи актриса Шокира Дониёровалар ижро этган.
Фильм ижодкорлари:
Режиссёр ёрдамчиси Нодира Муродхўжаева;
Овоз режиссёри Камолиддин Тожиддинов;
Грим устаси ва либослар бўйича рассом Алижон Умаров;
Бастакор Дониёр Агзамов.
Фильм ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун картина режиссёри Дурдона Тўлагановага мурожаат қилдик:
— Картина ғояси қандай юзага келди?
— Менга фильм олиш таклифини Дилдора Ҳошимова берди. Кўп ҳолларда мен актрисаларнинг характер ва хоҳишига қараб сценарий ёзаман. Бу фильм ҳам айнан Дилдорага аталди.
— Фильм билан томошабинга нимани кўрсатиб бермоқчисиз?
— Ҳозирги кунда рашк туфайли пароканда бўлаётган оилалар шунингдек, хиёнат гирдобига тушиб қолган йигит-қизлар, афсуски кўп. Картинадаги бош қаҳрамонимиз ҳам оддий рашк туфайли жуда ўғир жиноят ва хатоликка йўл қўяди. Оқибати қандай бўлиши, аниқ. Айнан мана шундай калта ўйлашнинг оқибати нималарга олиб келишини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик.
— Сёмка жараёнлари қанча муддатда амалга оширилди?
— Уч ой вақт сарфланди. Картинанинг ярми юртимизда олинган бўлса, қолгани Кореяда давом эттирилди.
— Айнан Кореядаги қизиқарли жараёнлар ҳақида гапирсангиз?
— (Кулиб) Корейс тилини билмаслигимиз бизга панд берди. Таксига чиқиб, қаерга боришимизни инглиз тилида тушунтирсак ҳам, улар бизни тушунмади. Жуда қийналдик. Охири Дилдора Ҳошимованинг қизини олиб юрадиган бўлдик. У бизга таржимонлик қилди. Ҳаттоки, ҳайдовчилар унга хизмати учун пул ҳам тўлашди.
— Дилдора Ҳошимовага партнёрларни қандай танладингиз?
— Элёр Маҳкамовни «Мажнун» фильмидаги салбий образини маҳоратли бажарганини кўриб, картинага таклиф қилдим. Ўйлайманки, танловда адашмадим.
Картинада бош ролни ижро этган Дилдора Хошимованинг фикрлари билан қизиқдик:
— Филмда турли характердаги Фотима ва Зухра образларини яратдим. Биттаси жуда хушчақчақ бўлса, кейингиси бунинг тамоман акси. Бир образни яратиб, бирданига иккинчисига ўтиб кетиш бироз мушкул, лекин хоҳиш ва ҳаракат бўлса, уддаласа бўлади. Тўғриси, менга топширилган ролни тўлақонли бажаришга интилдим. Хулоса эса мухлислардан.
«Зулмат» фильмини бугун, 24 февралдан бошлаб юртимиз кинотеатрларидан бошлаб кўришингиз мумкин. Афиша бу ерда.
Дурдона Тўлаганованиннг 17 февраль куни бўлиб ўтган «Кореядаги муҳаббат» номли фильмининг премьераси ва актриса Дилдора Хошимова билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатни сайтимизда ўқинг.
ИЗОҲЛАР 0