Актёр Миролим Қиличев билан суҳбат
- Суҳбатимиз «Омон бўлгин азизим» спектаклининг намойиши арафасига тўғри келди. Саволни ҳам айнан театрдаги фаолиятингиздан бошламоқчиман. Театрдаги илк қадамларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Ҳаётимда жуда кўп яхши ҳодисалар, кутилмаган воқеалар дўстларимнинг, яхши инсонларнинг ёрдами, таклифи билан бўлган деб ўйлайман. Ҳудди шундай театр остонасига ҳам илк бора дўстим, актёр Сухроб Хасановнинг таклифи билан келганман. Ишни саҳна устачилигидан бошлаганмиз, яъни ҳар бир спектакль учун махус саҳна декорациялари қурардик. Деярли барча актёрлар ишни худди шундай, саҳна устачилигидан бошлашади. Ундан сўнг илк маротаба «Увайсий» спектаклида камончи йигитлар ролида оммавий саҳнага чиққанмиз. Кетма-кет Амир Темур, «Макр ва муҳаббат» спекталида жангчи йигитлар ролида оммавий саҳналарда кўриниш берганмиз. Аста-секин битта, иккита, учта сўз айтадиган кичик ролларда чиқа бошлаганман. Театрдаги илк катта ролим «Тортадурман жабрини» спектаклида Азим ролини Аброр Саидназаров билан дублёр бўлиб ўйнаганман. Ушбу спектаклдан сўнг, бирин-кетин бош ролларни ижро қила бошладим.
- Театр саҳнасида роль ижро қилиш, фильмда роль ижро қилишдан кўра машаққатли жараён эканлигини биламиз. Саҳнада роль ижро қилаётган актёрга залда нечта одам борлиги, уларнинг диққати, қарсаги ёки эътиборсизлиги қанчалик аҳамиятли?
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам яъни залда битта одам ўтирган бўлса ҳам, мингта одам ўтирган бўлса ҳам биз ўзимизга берилган ролни, вазифани адо қилишимиз шарт. Албатта спектакль томошасига қанча кўп мухлис келиб, бизни олқишлаб туришса бу ҳар бир ижодкорга катта руҳ беради.
- Мухлисларнинг ҳар хили бўлади. Кимдир ҳайратини яшира олади, кимдир аксинча ҳайратини овозини борича бақириб ёки ҳуштак чалиб намоён қилиши мумкин. Ўшандай вазиятларда қандай йўл тутасиз?
-Бундай ҳолатлар бўлганида устозларимиз айтганларидек кўринмас девор тутиб ролимизни давом эттираверамиз.
- Яъни?
- Яъни мухлислар билан бизнинг ўртамизда девор бор деб тассаввур қиламиз. Чунки уларнинг сўзларига эътибор берсак ролимизни охиригача бажара олмаслигимиз мумкин.
- Биздаги маълумотларга қараганда дадангиз театрда роль ижро қилишингизга қарши эканлар. Бир неча маротаба сизни Бухорога ҳам олиб кетмоқчи бўлишган экан. Уларни қандай кўндиргансиз?
- (Кулиб) тўғри шундай бўлган эди. Фақат уларни мен кўндирмаганман, аксинча театрда қолишимга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тохир Саидов катта ёрдам берганлар. Бир куни дадам: «Бўлди, ҳаммасини йиғиштир, Бухорога келасан», деб жанжал қилганларида Тохир Саидов дадам билан гаплашиб, «Миролим Тошкентда, театрда қолиши керак, унинг ўрни айнан санъатда», деб узоқ гаплашгандилар. Буни қарангки Тохир Саидовни дадалари «Бўлди, актёрлигингни йиғиштир, уйга қайт», деган вақтларида Ўзбекистон халқ артисти Наби Раҳимов Тохир Саидовнинг дадалари билан гаплашиб уларни кўндирган эканлар. Тақдир чархпалаги айланиб уларнинг ҳаётлари менинг тақдиримда такрорланди.
- Ҳозир дадангиз нима дейдилар, балки ҳозир ҳам улар бу ишларингизга қаршилик қилаётгандирлар?
- «Шуҳрат» медалини олганимдан сўнг устозим Тохир Саидов дадангга қўнғироқ қил дедилар. Дадамга қўнғироқ қилиб «Тоҳир ака сиз билан гаплашмоқчилар», дедим ва телефонни устозимга бердим. Тохир ака «Бўлди, Миролимни олиб кетаверинг, агар бу болани ҳозир олиб кетмасангиз кейин жуда катта актёр бўлиб кетгандан сўнг умуман олиб кета олмай қоласиз», деб ҳазиллашганларида дадам «Йўқ, йўқ, мен ўша вақтда Миролимни сиздек устозларига топширганман. Ундан, фаолиятидан жуда ҳам кўнглим тўқ, ҳамма устозларига минг раҳмат», деган эдилар. Ҳозир оиламиздагилар ҳам дадам ҳам қаршилик қилмайдилар. Фаолиятимнинг бошида нима учун қаршилик қилганларини ҳам яхши биламан. Чунки мен танлаган йўл жуда ҳам оғир, синовларга бой йўл. Дадам «болам қийналмасин» деб ўшанда ҳам мени ўйлаганлар. Аммо бу йўл менинг тақдирим эканлигига жуда ҳам қаттиқ ишонганман.
- Бизнингча кино оламига кириб келишингизда клипларда ўйнаган ролларингизни ўрни катта, шундайми?
- Кинода ҳам худди театрдаги сингари даставвал оммавий саҳналарга бориб юрганмиз. Бир куни курсдошим актёр Феруз Бурхонов: «Юр клипда кичикроқ роль бор, шуни биргаликда ўйнаймиз» деб, Муродбек Қиличевнинг «Бахт тиларман сенга жонгинам» номли қўшиғига ишланган клипда суратга тушишга олиб борганди. Ўша клипдан сўнг Муродбек Қиличевнинг «Сенсиз» клипида суратга тушганман. «Сенсиз» деб номланган клип менга жуда ҳам омадли бўлди. Ундан сўнг кинодаги биринчи ролим «Киракаш» деб номланган фильмда безори йигит ролини ўйнаганман. Ўша фильмдан сўнг кинодаги биринчи бош ролимни режиссёр Аҳмаджон Унарбоев «Уқубат» фильмида прокурор Акбарали Олимов ролини ишониб топширишган.
- Фаолиятингиздаги илк ганорарни эслай оласизми. Сир бўлмаса ўша вақтларда неча сўм ганорар олгансиз?
- Илк маротаба ҳозир айтиб ўтганимдек Муродбек Қиличевнинг «Бахт тиларман» деб номланган клипидан 150 минг сўм гонарар олганман. Бу пул бугунги кунда анча каттароқ маблағ бўларди. «Уқубат» деб номланган фильмдан эса 1.200.000 сўм гонарар олганман. Ўша вақтлар умуман эсимдан чиқмаса керак, чунки бу пуллар ўз севган касбимдан топган биринчи маошим бўлган.
- «Умид», «Жасур» фильмларидаги ролларингизни ҳам мухлислар жуда яхши кутиб олишди. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак фаолиятингиздаги деярли барча фильмлар «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмаси билан олинган фильмлар экан. Хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмларда эса деярли суратга тушмайсиз. Бунинг сабаби нима?
- Тўғрисини айтадиган бўлсам актёр учун фильм ким томонидан суратга олиниши, суратга олиш жараёнидаги қийинчиликлар ва бошқа муаммолар фильмда роль ўйнаш ёки ўйнамаслиги учун асосли баҳона бўла олмайди. Устозларимиз айтган гапни яна бир марта такрорлашга мажбурман қачонки яхши сценарий, яхши жамоа бўладиган бўлса ўша фильмнинг моддий томони, қийинчиликларига қарамасдан роль ижро қилишга рози бўламан. Бир фильмда роль ижро қилишимни илтимос қилиб сценарийни ташлаб кетишди, сценарийни ўқидим ва ўша ролда ўзимни кўра олмаганим учун фильмда суратга тушишга рози бўлмадим. Фильмни суратга олишди, премьера ҳам қилишди. Бир куни фильм қандай чиққанига қизиқдим ва томоша қилгани бордим. Тўғриси сценарийни қайтарганим ва фильмда суратга тушмаганим жуда ҳам тўғри бўлибди. Ҳақиқатдан у роль, сценарий менга мос эмас экан. Ўшанда тўғри қарор қилган эканман.
- Сир бўлмаса гап қайси фильм ҳақида кетмоқда.
- Буни айта олмайман.
- Яқинда хусусий студияда актёр ва режиссёр Сухроб Хасанов томонидан суратга олинган фильмда суратга тушибсизку…
- Ҳа, тўғри суратга тушдим. Чунки ҳали ўзингиз ҳам премьерага борсангиз кўрарсиз фильмда кўтарилган мавзу бугунки кун учун анчагина долзарб. Битта, иккита ролни рад қилди дегани бу барча хусусий студиялар томонидан суратга олинаётган фильмлар учун чеклов қўйди дегани эмас. Ижодий жамоа, сценарий яхши бўлса, фильм орқали актёрлик маҳоратимни яна бир карра ошира олсам албатта у кинода роль ижро қиламан.
- Айни кунларда ота-онангиз томонидан сизга энг кўп айтилаётган гап сен тенггилар иккитадан фарзандли бўлишди, қачон уйланасан мазмунидаги гаплар бўлса керак.
- Ота-онам аввало фарзандларининг фикрига қулоқ солиб иш юритадиган инсонлар. Бундай гаплар бўлиши табиий, насиб қилса уларни ортиқ узоқ вақт куттириш ниятим йўқ.





ИЗОҲЛАР 0