alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

Наримон Григорян билан суҳбат

Биз “Алаша” рақс театрининг раҳбари, хореография бўйича ўтказиладиган Жаҳон чемпионатларида Ўзбекистондан таклиф этиладиган ягона вакил, истеъдодли ёш хореограф Наримон Григорян билан суҳбат қурдик.
 
alt
 
Наримон илк саволимиз оддий, сиз каби истеъдод қаерда таҳсил олган? Ўзингиз ҳақингизда қисқасча гапириб берсангиз.
- Мен Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография олий мактабини тамомлаганман. Шунингдек, миллий филармониянинг хореография бўлимида малакамни ошириб, қозоқ рақсларини ўрганганман, ҳамда Питербургда икки йилча таҳсил олганман. Шунингдек, мен хореография бўйича ўтказиладиган Жаҳон Чемпионатларида Ўзбекистон вакилиман. Бу йил ушбу чемпионат Арменияда ўтказилади. Мен ҳам таклиф этилганман. Бу мусобақаларда ҳакамлар ҳайъати таркибида бўлишим учун ўз вақтида Москва шаҳрида маҳсус синовлардан ўтиб, малакавий имтиҳонлар ҳам топширганман.
 
alt

Рақс билан шуғулланишни қачон бошлагансиз? 
- Рақс билан болаликдан шуғулланишни бошлаганман. Аслида бувим доим мен рақс билан шуғулланишимни орзу қилганлар. Чунки бувимнинг кумирлари хореограф ва балетмейстер Махмуд Эсамбоев бўлган. Улар айнан шу инсонга ўхшашимни истаб, мени рақс тўгарагига олиб борганлар. Бир оз улғайганимдан кейин, чамаси 8-9 синфларда мен рақс билан шуғулланмай қўйганман. Аммо олий ўқув юртига кириш вақти келган ва ўша вақтларда менинг бувим оиламизнинг асосий моливий ҳомийси бўлганликлари боис менга фақат хореография билим юртига кириш шартини қўйганлар. Бўлмаса молиявий тарафдан ёрдам бермасликларини маълум қилганлар. Тўғриси мен бошқа олийгоҳга киришни хохлаганман. Аммо бувимнинг ихтиёри билан хореография билим юртига ўқишга топширганман ва бюджет асосида ўқишга қабул қилинганман. Бувимнинг маблағлари эса керак ҳам бўлмаган. Бироқ ҳозир ўша вақтларда мен учун бувим танлов қилиб, хореограф бўлишимга сабабчи бўлганларидан ҳеч ҳам афсусланмайман.

Сиз учун қадрли бўлган устозларингиз борми? 
- Бор. Бу инсон менинг педагогим Досметова Раъно Ризақуловна бўлиб, мен уларни жуда ҳам ҳурмат қиламан.Улар мен учун қадрли устозларимдан бири. Шу касбни яхши эгаси бўлишимда уларнинг ҳиссалари катта. Ҳозирги кундаги билимимга ва малакамга улар орқали эга бўлганман.
 
alt
 
Сиз учун рақс бу нима? Ўз касбингизни нима учун яхши кўрасиз?
- Рақс менинг ҳаётим, ишим. Мен мусиқани барча инсонлар каби шунчаки тинглай олмайман. Бирон-бир мусиқани эшитар эканман, ҳаёлан рақс ҳаракатларини тасаввур этишни бошлайман. Тўғриси мен уйда, машина ёки бўлмаса бирон-бир ерда мусиқа тингламайман. Асосан иш жараёнида тинглайман.
Истеъдодимнинг, билимимнинг бир қисмини шогирдларимга, мен ишлаётган инсонларга бера олганимда, бирон-бир рақсни саҳналаштирганимда мен ўзимни жуда ҳам бахтиёр ҳис этаман.
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида оғир дамлар бўлади, айнан мана шундай вақтларда ҳеч ким билан дардлашмай залда бир ўзинг мусиқани қўйиб машқ қила бошлаганингда ўзингни яхши ҳис эта бошлайсан ва позитив энергияга эга бўласан.
 
alt
 
Нималардан илҳомланасиз?
- Ҳамма нарсадан илҳом оламан. Яна саёҳатлардан ҳам жуда илҳомланаман. Ишим инсонлар билан мулоқат қилишдан иборат бўлганлиги боис, вақти-вақти билан толиқаман ва шу сабабли ҳам йилда икки марта денгизга саёҳат қилишга ҳаракат қиламан. Ёлғиз, сокинликда ҳордиқ чиқарганимдан кейин, ишимга буткул тикланган ҳолда янги ғоялар билан қайтаман. Турли давлатларга қилган саёҳатларимдан раққосларим учун турли либослар, дисклар олиб келаман. Саёҳат вақти касбим билан боғлиқ бўлган нарсаларга эътибор бериб, кейинчалик уларни ишларимда қўллайман ҳам. 
 
alt
 
Касбингизда йўл қўйилиши мумкин бўлмаган ҳатоликлар ҳақида айтиб берсангиз? 
- У ёки бу материални билмаслик. Кўпгина хореографлар лойиҳа материали нимадан иборат эканлигини билмайди. Айнан материални билмаслик бизнинг касбимиздаги йўл қўйилиши мумкин бўлмаган ҳатолардан бири деб ҳисоблайман.
 
Материал деганда нимани назарда тутмоқдасиз? Аниқлик киритсангиз. 
- Материал деганда мен, масалан бирон-бир ҳаракатни назарда тутмоқдаман. Мисол учун рус рақсида, украина рақс ҳаракатларини саҳналаштиролмайман. Материал деганда айнан мана шуни назарда тутгандим. Бини оддий ҳалқ албатта илғамайди, аммо ўз ишининг уста хореографлари тезда кўришади. Кўпчилик хореографлар айнан шундай ҳатоликларга афсуски йўл қўядилар.
 
alt
 
Айтингчи хореограф касбининг қийинчиликлари нималардан иборат?
- Умуман олганда бу қийин касблардан бири. Бизнинг ишимиз жисмоний ҳаракатлардан иборат бўлганлиги боис, албатта қийин тарафлари бор. Ҳеч бир иш қийинчиликсиз бўлмайди.
 
Билишимча сиз  “Алаша” рақс театрининг раҳбарисиз. Айнан шу жамоангиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Ҳа, “Алаша” театри менинг жамоам бўлиб, театрнинг филиаллари дунёнинг 4та давлатларида фаолият юритишади. “Алаша” театри кўпгина халқаро танловлар ва фестиваллар совриндори.
 
alt
 
Сизнинг раҳбарлигингизда нечта киши ишлайди? 
- Ҳозирги кунда менинг раҳбарлигим остида 22 та раққос ва раққосалар ишлайди. Улардан 18 таси қизлар, 4 таси йигитлар. “Алаша” театримнинг филиаллари Хитойда, Тайванда ва Қозоғистоннинг икки шаҳарларида фаолият юритадилар. Гуруҳ у ёки бу ташкилот билан шартнома имзолайди ва мен раққосларимни тайёрлаб тузилган шартнома асосида сафарга юбораман.
 
alt
 
Пойтахтда ҳам қўл остингизда ишлайдиган рақс гуруҳингиз борми? Фаолиятингиз даврида ўзбек эстрадасидаги ёрқин хонандаларимизнинг концерт шоуларида хореограф бўлганлигингизни кузатганмиз. Шулар ҳақида гапириб берсангиз.
 
- Ҳа пойтахтда ҳам менинг рақс гуруҳим бор. Мен хореографлик қилган хонандаларимизнинг концертидаги  аксарият раққослар менинг жамоамдагилар. Ўзингизга маълум, мен Лола, Манзуранинг концерт шоуси устида ишладим. Шунингдек, ўзбек хонандаларининг клипларида ҳам ишлайман. Ҳаттоки Муниса Ризаеванинг яккахон концерт дастурида хореограф лавозимига менининг номзодим тайинланган эди. Ёдингизда бўлса концерт учун кастинг эълон ҳам қилинган эди. Аммо концерт режиссёри Качалина Натэлла номзоди ўзгаргандан сўнг, Муниса Ризаеванинг концерти режиссёри этиб, Овляқули Ходжақули тайинланди. Аммо бу режиссёр билан бизнинг ижодий қарашларимиз тўғри келмаганлиги боис, Мунисанинг концерти устида ишлай олмадим. Кўпчилик ушбу вазиятни охиргача билмагани сабабли бўлса керак, Муниса Ризаевани концерт дастурини Наримон эплай олмади, хореографлик қилиш қўлидан келмади деб изоҳлашди ҳам. Ўйлайманки бир лойиҳа устида ишлаётган жамоанинг ижодий қарашлари бир-бирига зид бўлса, яхши натижа чиқмайди. Шу сабабли ҳам мен бу ишни тўхтатдим. Муниса Ризаева билан эса дўстона муносабатларни сақлаб қолганмиз албатта.
 
alt
 
Айни дамда нималар билан бандсиз?
- Шу кунларда қозоғистонлик машҳур хонанда учун, Тимур Примқулов студиясида суратга олинаётган клип хореографияси устида ишламоқдаман. Ҳозир айнан ўша ердан сиз билан белгиланган интервьюга етиб келдим. 3 кун аввал эса Будур таҳаллуси остида ижод қилаётган хонандамизнинг клипида ҳам ишладим.
 
Иш жараёнида инсонлардаги қайси ҳислатлар сиз учун муҳим?
- Биласизми мен инсофсиз, виждонсиз ва самимий бўлмаган инсонларни умуман ёқтирмайман.  Яна ўз ишини пухта ва вақтида қилмайдиган, ишга жиддий ёндашмайдиган инсонлар билан ишлай олмайман. Самимий инсонларни жуда ҳам яхши кўраман.
 
alt

Атрофдагилар фикри сиз учун муҳимми? Танқидни қандай қабул қиласиз?
- Менга бефарқ бўлган инсонларнинг фикри ва танқиди мени умуман ҳеч қачон қизиқтирмаган. Мен фақат ўзимга яқин инсонларнинг фикри ва танқидига қулоқ тутаман. Уларнинг фикри мен учун муҳим.
 
Келажакдаги  режаларингиз?
- Энг катта режаларимдан ва орзуларимдан бири бу Тошкентда ўзимнинг рақс театримни очишдир.
 
alt
Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 22-05-2015

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг