Юракларда мангу яшар сиймоси
«Бугун бирон-бир куч бизнинг мустақиллигимизга, хавфсизлигимизга, халқимизнинг тинчлигига тажовуз қилмоқчи бўлса, шуни билиб қўйсинки, қудратли армиямизнинг қақшатқич зарбасига учраши муқаррар».
***
«Дарахтнинг илдизи қанчалар чуқур бўлса, у шунчалик баланд, бақувват, осмонўпар бўлади».
***
«Ўз ишини ақл билан, тушуниб бажарадиган кишида меҳнатидан фахрланиш, ҳаётидан завқланиш туйғуси кучли бўлади. Ана шундай одамларни тарбиялашимиз, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ана шундай туйғу билан яшашга эришишимиз керак».
***
«Орқамизда ким турибди? Тоғдек халқимиз турибди. Тоғни ким ҳам ўрнидан сура олиши мумкин, халқни ким ҳам бу танлаган йўлидан қайтара олиши мумкин? Ҳеч ким! Мен мана шу минбардан туриб, мана шу дақиқаларда айтмоқчиман: кимки ўз йўлидан қайтса, у — номард!».
***
«Икки-уч енгил машина, ҳашаматли уйлар, иморатлар ва жиҳозларга эга, кийиниши зўр, савлатидан от ҳуркадиган одам бой эмас. Мендан энг катта бойлик нима деб сўрашса, билимли, ақлли, одобли, эртанги кунини ўйлайдиган фарзанд ота-онанинг энг катта бойлиги деб айтган бўлар эдим. Бундай бойликка эга бўлганларни жамоа бой-бадавлат ота-она, бой-бадавлат оила деб тан олади. Бундай оила ҳеч қачон хор бўлмайди».
***
«Халқимизда «Ўтган кунингни унутма, эски чориғингни қуритма» деган ибратли бир мақол бор. Бу — аслида ким эканлигингни, мансаб курсисига ўтирмасдан олдин ким бўлганингни, лавозимдан тушгач, ким бўлажагингни унутма, камтар бўл, қадамингни билиб бос, халқнинг назаридан қолма, деганидир. Бу ҳамманинг, айниқса, катта-кичик раҳбарларнинг доим ёдида туриши керак».
***
«Фарзандларимизга нафақат ишонч билдириш, балки уларга ўзини амалда намоён этиши учун майдонни кенгайтириш керак».
***
«Мен Ўзбекистон чет томонга чалғиб кетмоқда, деган гапни эшитганман. Лекин биз четга сурилиб, чалғиб сузиб юрадиган музтоғ эмасмиз. Бизнинг ўз кемамиз, унинг елкани, бошқариладиган рули бор…»
***
«Бу ҳаёт жуда тез - бошдаги дўппини бир айлантиргунча ўтади-кетади. Шу қисқа фурсатда инсон халқ учун, Ватан учун, ўз фарзандлари ва келгуси насллар учун савобли ишлар қилиб улгуриш керак. Олижаноб халқимизнинг эзгу тасаввур ва тушунчасига кўра, ҳар бир одам дунёга келиб, учта хайрли ишни адо этиши лозим.
Биринчиси, соглом ва оқил фарзанд тарбиялаб вояга етказиш.
Иккинчиси, ўз оиласи, фарзандлари учун иморат қуриш.
Учинчиси, келажакни ўйлаб, яхши ният билан дарахт ўтказиш.
Бу инсоний интилишларда миллатимизнинг баркамол авлод ҳақидаги орзу-умидлари ўз аксини топган. Қисқаси, ўзбекнинг ҳамма орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмунида фарзандларининг келажаги, бахту саодати билан боглиқ мақсадларни кўрамиз».
***
«Биз дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, деб кўтарган истиқлол байроғини, ҳуррият байроғини сизлар янада баланд кўтарасиз, деб ишонаман».





ИЗОҲЛАР 0