Prologue ўз ишини якунлади
30 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида тўрт кун давом этган халқаро кинофестиваль сарҳисоб кечасини ўтказди. Муносиблар тақдирландилар.
Кеча одатдагидек юлдузларнинг қизил йўлакчадан тантанали равишда ўтишидан бошланди. Бу оқшом ниҳоятда совуқ бўлишига қарамай кино ижодкорларнинг ашаддий мухлислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари сабот билан уларни театр биносига кузатиб қўйдилар.
Қизил йўлакчада машҳурларимизни латофатли Дилдар Исламова ва яна бир ажойиб бошловчи Шох Алимович эълон қилиб турдилар. Улар орада машҳурлар билан мулоқотга киришиб, оқшомга янада кўтаринки кайфият бағишлашга ҳам улгурдилар.
Шу куни қизил йўлакча, бошловчилар таъкидлаганидек, модалар намойишини ҳам эслатиб юборди. Ундан ўтаётган таниқлиларимиз бу оқшомга хафсала билан тайёргарлик кўрганлари яққол намоён бўлиб турди.
Барча соҳа вакиллари қизил йўлакчадан ўтиб, театр биносига киришгач кечанинг асосий ҳодисаси - кинофестиваль ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди.
Маросимда қуйидаги номинациялар бўйича лауреатлар номи эълон қилинди ва тақдирланди:
Энг яхши қисқа метражли фильм:
Мукофотга Жанубий кореялик режиссёр Чонг-Гил Хан «Менинг исмим» фильми учун муносиб деб топилди.
Энг яхши миллий қисқа метражли фильм:
Режиссёр Шокир Холиқов «Чой» фильми учун мукофотни қўлга киритди.
Энг яхши сценарий:
Мукофот франциялик Клод Ле Пейп ва Хьюберт Чаруэлларга «Кичкина фермер» фильмининг сценарийси учун топширилди.
Энг яхши актриса:
Мукофотга қирғизистонлик актриса Мадина Талипбек «Сарвқомат дилбарим» фильмидаги роли учун муносиб деб топилди. (Актриса ташриф буюра олмагани сабабли мукофот унинг агентига топширилди.)
Энг яхши актер:
Қирғизистонлик актёр Акылбек Абдыкалыковнинг «Тунги авария» фильмидаги роли бу номинацияда эътироф этилди. (Актёр ташриф буюра олмагани сабабли мукофотни унинг ҳамкасби қабул қилиб олди.)
Энг яхши оператор:
Мукофот эронлик оператор Моҳаммед Факури «Голнеса» фильми учун топширилди.
Энг яхши режиссёр:
Босния ва Герцеговинадан ташриф буюрган режиссёр Айда Бегич, «Мени ёлғиз қолдирма» фильми учун мукофотга муносиб деб топилди.
Энг яхши фильм учун Гран При.
Халқаро кинофестивалнинг бош совринига режиссёр Айда Бегичнинг «Мени ёлғиз қолдирма» фильми муносиб деб топилди.
Ундан ташқари махсус мукофот билан ардоқли кино соҳаси вакиллари ҳам тақдирландилар. Устоз режиссёр Қамара Камалова ва Ўзбекистон халқ артисти, актёр Пўлат Саидқосимов «Миллий кинематографияни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун», россиялик режиссёр Владимир Меньшов «Жаҳон кинематографиясни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун» мукофоти билан тақдирландилар.
Қисқа метражли фильмлар бўйича ҳакамлар ҳайъати раиси Аюб Шаҳобиддинов сўзга чиқиб, бу йил жуда ҳам кучли фильмлар танловда қатнашгани ва улардан яна иккитасини диплом билан тақдирлашга қарор қилганликларини маълум қилди.
Демак, ҳакамлар ҳайъатининг махсус дипломлари билан қорақалпоғистонлик режиссёр Марс Оринбасаров «Устоз» фильми учун ва қозоғистонлик режиссёр Берик Жаҳанов «Асан» фильми учун тақдирландилар.
Таъкидлаш жоиз, тақдирлаш маросимига катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, ҳар бир номинациядан сўнг саҳна кўринишлари тақдим этилди. Саҳнада Майкл Жексондан тортиб машҳур ҳинд актёри Шоҳруҳхонгача намоён бўлди. Албатта, ўзимизнинг актёрлар улар қиёфасида чиқдилар, лекин улардаги ўхшашлик ва маҳоратни қайд этиб ўтишни жоиз топдик.
Ёрқин лаҳзаларга бой бўлган ёпилиш маросими шу билан ўз ниҳоясига етди.
Prologue Халқаро кинофестивалининг очилиш маросимига машҳурлар қандай образда ташриф буюрганини бу ерда кўришингиз мумкин.
ИЗОҲЛАР 0