«Мароканд»чилар лицензиясидан маҳрум бўлди
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳоловчи Бадиий Кенгаш аъзолари томонидан ВИА «Мароканд» гуруҳининг «Турист» қўшиғига ишланган видеоклипида жузъий камчиликлар бўлганлиги боис клипни оммага тақдим этиш рад этилган эди.
Бироқ, гуруҳ аъзоларини бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, ушбу клип оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилганлиги сабабли, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосан ВИА «Мароканд» гуруҳи аъзолари Закирова Асалхон Бахтиёржон қизи ва Ташматов Абдурашид Хусановичларга берилган лицензиялар жорий йилнинг 29 май кунидан тўхтатилганлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси хабар берди.
Шунингдек, Кенгаш аъзолари томонидан «Уммон» гуруҳининг «Оқ гулим» ва хонанда Жасур Умировнинг «Сайфи» деб номланган қўшиғи ҳамда унга ишланган клипларидаги мавжуд камчиликларни тўғрилаб, оммага тақдим этиш вазифаси топширилган. Бироқ билдирилган камчиликлар тўлиқ бартараф қилинмасдан эфирга берилганлиги учун хонанда Жасур Умиров ва «Уммон» гуруҳи аъзолари огоҳлантирилди.





ИЗОҲЛАР 0