Tashkent Challenger - 2016: Денис Истомин бош соврин учун курашмоқда
Пойтахтимиз теннис бўйича нуфузли мусобақа - ATP Tashkent Challenger - 2016 турнирига мезбонлик қилмоқда. Турнир 8 октябрда ўз ишини бошлаган ва 15 октябрга қадар давом этади.
Мусобақада қатнашиш учун юртимизга машҳур теннисчилар ҳам ташриф буюрган. Сараланган саккиз теннисчидан беш нафари жаҳон рейтингида кучли юзликдан ўрин олган теннисчилардир.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракетка устаси Денис Истомин пойтахтимиз мезбонлик қилаётган мазкур халқаро турнирида ғолиблик учун куч синашмоқда.
.jpg)
Ҳамюртимиз дастлабки учрашувини франциялик Глеб Сахаровга қарши ўтказди. Ўйинда рақибидан ҳар томонлама устунлигини исботлаган Денис осон ғалабага эришди. Учрашув 6:3, 6:3 ҳисобида унинг ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи босқич учрашувининг биринчи сетида ҳамюртимиз Украинадан келган тажрибали теннисчи Денис Молчановга 4:6 ҳисобида ютқазиб қўйди. Бироқ, ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнаётганини чуқур ҳис қилган Истомин букилмас иродасини намойиш қилди. Қолган икки сетда 6:3, 6:2 ҳисобида зафар қучган Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси бош соврин учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Денис Истомин чорак финалга чиқиш учун хорватиялик машҳур теннисчи Иван Додиг билан рақобатлашади.
Манба: sports.uz





ИЗОҲЛАР 0