«Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» фильми Италияда ғолиб бўлди
Аввал хабар берганимиздек, ўрта асрлар буюк алломаси ва мутафаккири Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи «Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» номли ҳужжатли фильми суратга олинган эди ва унинг расмий трейлери ҳам оммага тақдим этилган эди.

Энди эса ушбу фильм Италиянинг Искья оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида ғолиб бўлди. Мазкур хабарни Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тилляева instagram’даги расмий саҳифасида элон қилди.

Лола Каримова-Тилляева:
«Ушбу ҳужжатли фильм астрономия ва геометрия фанларининг тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир Мирзо Улуғбек ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Дунёнинг турли мамлакатларидаги, турли ёшдаги инсонлар фильмни томоша қилиб, Ватанимизнинг буюк ўғлони ҳақидаги ҳикоя билан танишгач, ҳайратланиб тасанно айтганларида қалбимни тўлдирадиган ҳисларни сўз билан ифодалаб бериш қийин. Ижодий гуруҳимизни ушбу нуфузли мукофот билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Фильмнинг яратилишида продюсерлар сифатида иштирок этиб, асрлар давомида инсонларни ҳайратга солиб келаётган ушбу тарихий воқеани дунё аҳлига ҳавола этиш умр йўлдошим билан менга насиб этгани биз учун катта шараф».

Кинокартинада жаҳон киноси юлдузлари Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳамда миллий кино усталаримиздан Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслоновлар иштирок этган. Фильм режиссёри Баҳодир Юлдошев.






ИЗОҲЛАР 0