Дефиле: Behzod Saitov ва DilyaMurдан либослар намойиши
Бекзод Саитовнинг либослар тўплами намойиши 12 ноябрь куни бўлиб ўтди. У яратган либослар адрас, бахмал, ипак шойи, тўр, турли хилдаги ялтироқ, ҳамда араб мамлакатларидан олиб келинган турли хил матолардан тикилган.
Либослар дизайни арабча услубда бўлса-да, аммо матолар ўзбек ҳамда араб аёллари киядиган матолар уйғунлигида танланган.
Бекзод Саитов либосларида миллий руҳни янада очиб бериш учун ўзбек миллатига хос бўлган тақинчоқ ва тиллақошлар фойдаланган. Шоҳона услубда яратилган ушбу либослар тўплами барчанинг диққат-эьтиборига сазовор бўлди.
Бекзод Саитов, дизайнер:
«Ушбу либослар тўпламимни ёрқин ранглардан фойдаланган ҳолда яратаман, деб ўз олдимга мақсад қилгандим. Либосларни яратишда ўзимизнинг миллий адрас ва бахмал матолардан кўп фойдаландим. Яна Дубай шаҳрига малака ошириш учун борганимда у ердан ҳам турли хилдаги араб матоларидан олиб келганман. Бу сафарги либослар тўпламим ўзгача услуб ва ўзгача ёндашувда тикилган. Унда араб аёллари киядиган либослардан наъмуналар киритганман. Бу ҳам бир янгилик».
Дизайнер бу галги либослар тўпламида қизалоқларнинг ҳам оқшом либосларини тақдим этди. Она-бола кўринишида гавдалантирилган либослар тўплами ташриф буюрганларда ижобий таассурот қолдирди.
Айниқса, яшил бахмалдан тикилган она ва бола либоси ўзига хос услубда яратилган бўлиб, унда ҳам она, ҳам қизалоқнинг бошида тиллақошни кўриш мумкин.
Дизайнер ўзининг ялтироқ матолардан тикилган оқшом либослари билан барчани лол қолдирди.
Тақдимотни шоумен Азамат Алиев ҳақиқий шов-шувли, викториналарга бой тарзда олиб борди. Либослар намойиши арабча қўшиқларга уйғун ҳолда меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди. Кечага Бекзод Саитовни қўллаб-қувватлаш учун унинг оила аъзолари ва яқин дўстлари ташриф буюришди. Джаз мусиқа асбобларидан чиқаётган куй ва унга ошуфта ўтган оқшом либослари намойиши барчага шоҳона кайфият бахш этди.
Айни шу масканда 13 ноябрь куни DilyaMur бренди асосчиси Дилноза Муратова ҳам оқшом либосларини тақдимотини ўтказди.
Дизайнер тўпламида чарм, тўр, сетка, аъло бахмали ҳамда адрас матоларидан фойдаланган. Тўплам таркибида кўпроқ сетка билан ишланган оқшом либосларини кўриш мумкин.
Аксессуарлардан диадема ва турли ҳил кўринишдаги тожлар, ҳамда қора рангдаги аёллар салласини кўриш мумкин бўлди.
DilyaMur бренди ўзининг оқшом либослари тўпламида ҳашам ва ўзгача услубни уйғунлаштирган. Тақдим этилган либосларда кўпроқ қора рангга урғу берилган.
DilyaMur бренди асосчиси Дилноза Муратова:
«Бу галги тўпламимда ҳашаматли оқшом кўйлакларини яратишга қарор қилдим. Гўзалликка бой бўлгани учун кўпроқ тўр матосидан фойдаланганман. Ретро стилини яхши кўрганим учун ҳам либосларим шу услубга уйғун ҳолда яратилган. Тўпламнинг ажралиб турадиган томони шундаки, ой шуъласида товланадиган рангларни танлаганман».
Миллий матомиз аъло бахмалидан тикилган либослар дизайни ҳам барчага бирдек нафислик улашди.
Намойишга хонанда Манзура, актриса Маржона ва Дилноза Муратованинг оила аъзолари, ҳамда бошқа меҳмонлар ташриф буюришди.
Behzod Saitov ва DilyaMur.дан янги либослар тўплами тўлиқ фотоҳисоботини бу ерда кўринг.
Ўтган ҳафта пойтахтимизда The Fashion Show «Олтин куз-2016» шоу дефилиси ҳам бўлиб ўтган эди. Намойишнинг биринчи, иккинчи ва учинчи кунидан тайёрлаган шарҳимиз билан сайтимизда танишинг.
ИЗОҲЛАР 0