Дефиле: The Fashion Show «Олтин куз-2016»: 2-кун
11 ноябрь куни Zarqaynar Миллий санъат марказида «Олтин куз-2016» шоу намойишининг иккинчи кун тақдимоти бўлиб ўтди. Унда мода ихлосмандлари эътиборига «Baby style» ва «Миллий кўйлаклар» кўргазмалари ҳавола этилди.
Намойиш давомида дизайнерлар оқшом либослари, спорт кийимлари ҳамда классик услубдаги либосларини тақдим этди.
Улар қаторида қуйидаги ҳаваскор ҳамда машхўр брендлар дизайнерларининг ишларини кузатиш мумкин бўлди:
Gulim - «Олтин қум» тўпламида асосан, юпқа шифон ҳамда ипак адрас матосидан самарали фойдаланилган. Либосларда ортиқча дабдабани учратмайсиз. Ҳаммаси меъёрида. Қора адрас нақш туширилган ипак матоси ўз таркибида оч сариқ рангли шифон матосини уйғунлаштирган. Баъзи либосларнинг олд қисмига безак сифатида тилларанг майда мунчоқлар ишлатилган.
К.Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти ёш дизайнерлари Мадина Пўлатова ва Роза Жуманиёзоваларнинг «Шарқ садоси» тўпламида миллий сўзана ва кашта нақшлар юқори ўринни эгаллаган. Бир либоснинг тепа қисмига нақш туширилган бўлса, бошқасида юпка қисмида кашта гулли нақшларни кўриш мумкин бўлди. Шунингдек, гулсиз атлас матодан тайёрланган оқшом либослари ҳам ноодатий эканлиги билан ажралиб туради.
Дизайнер Камола Холбекованинг «Куз нафаси» тўпламида деярли барча либослар классик услубга хос. Кўйлаклар ва юбкалар леон матодан бўлса, костюмлари ялтироқ драп матосидан тайёрланган. Узун байрам либослари эса ранг-баранг ипак матосидан ишланган ва устида кўйлакка мос ёпинчиқларни ҳам кўриш мумкин.
XonQiz - «Абадий севги»да кўк адрас ва оч малла шойи матосидан самарали фойдаланилган. Либослар, асосан бир хил услубда бўлиб, узун шлейфли либосларнинг ҳар бирига мос ҳамёнлар танланган.
Narel - «Ҳаёт табассуми» тўплами болажонлар кийимидан иборат бўлиб, унда пахта матоси устунлик қилган. Чунки болаларнинг таънаси жуда таъсирчан бўлиб, уларга кўпроқ тоза пахта матоли либослар тақдим этилгани мақсадга мувофиқ. Либослар асосан мактаб ўқувчиларига мўлжалланган.
Jasmin - ҳарбийлар кийими матосидан саёҳатбоп либослар тақдим қилинди. Барча болажонларнинг эгнида шим ва костюм, либосга монанд сумкалар ҳамда пушти рангдаги бош кийимлари ўзгача ҳусн бағишлаб турганини кўриш мумкин бўлди.
Narfeliya style - тўпламида оқ ранг устунлиқ килган. Болажонлар учун мўлжалланган ласина, куртка ва шимларнинг барчаси оқ рангда. Либосларга мос красовкалар танланган. Либослар асосан спорт услубига монанд. Бундан ташқари катталар ва болаларнинг биргаликдаги либослари ҳам тақдим этилди.
Corneto show - тўпламда қизил ва сиёҳранг духоба матосидан тайёрланган бежирим кўйлакларни кўриш мумкин. Бунда болалар ва ўсмирлар либослар бир хил уйғунликда яратилган. Яъни она ва бола либослари дейиш мумкин. Либосларнинг олд қисми чиройли мунчоқлар билан безатилган.
Kamila mi - дизайнер Комила Шаҳобиддинова миллй адрас ва шойи матосидан ишланган байрамона либосларни ҳавола этди. Либосларнинг устида узун ёпинчиқлари ҳам кўйлакларга ўзгача тароват бағишлаб турибди. Ялтироқ атлас матосидан ишланган либослар устида тўрдан фойдаланилган.
Дизайнер Бекзод Саитовнинг тўпламида байрамона ва оқшом либослари ўрин эгаллаган. Барча либосларнинг бошга тақиладиган тиллақошлари миллийлик нафасини бериб туради. Либослар асосан ипак адрас матосидан тайёрланган. Тўпламда оддий усулдаги келин либосини ҳам кўриш мумкин. Либоснинг устки қисми оқ тўр ва уни майда дурлар билан безатилган.
Тадбир доирасида ҳакамлар ҳайъати томонидан «Йилнинг энг яхши кичик модели» номинацияси эълон қилинди. Унга кўра, Муслима Орифжонова ва Сафия Муратоваларга махсус тожлар тақилди ва диплом билан тақдирланди.
Якунда «Сато» ансанмбили, хонанда Нилуфар ҳамда болажонлар ижросидаги шўх тароналар барчага хушкайфият улашди.
Иккинчи кундан тўлиқ фотоҳисобот сайтимизда.
The Fashion Show «Олтин куз-2016» намойишининг илк куни тафсилотлари билан сайтимизда танишинг.
ИЗОҲЛАР 0