Дефиле: The Fashion Show «Олтин куз-2016»: 3-кун
Muhabbat Ali тўпламида шифон, турли рангдаги виллур ва кожа матоларини учратиш мумкин. Либослар классик ва кундалик услубга хос бўлиб, унда плаш, кўйлак ва лозим, ҳамда ташкилотлар учун мўлжалланган костюм ва шимларни кўриш мумкин бўлди.
By Sipa бренди либослари кишига романтик кайфият беради. Қора, тўқ кўк, ёрқин яшил, малина ранглардаги балх (юпқа бахмал) матосидан турли услубдаги оқшом либосларига майда тошлардан безак берилган.
Дизайнер Наримон Григорияннинг шахсий тўплами 2 қисмда бўлиб ўтди. Биринчисида, шойи атлас, тафта ва шифон матоларидан базм либослари тақдим этилди.
Иккинчисида, лион, бамбук, виллур, шойи матолари ва тўрдан самарали фойдаланилган. Либосларга тош ва дурлардан безак берилган.
Ma’ruf брендининг Anima тўпламида тоза ипак, атлас ва драп матолари ишлатилган. Оқ, кулранг ва қора уйғунлигидаги либослар оқшом учун мўлжалланган. Кулранг атлас матосидаги либосларнинг устига қора безакли тўр туширилган.
La Room дизайнер Ширин Асқарова тўпламидаги либослар духоба, шифон, атлас матоларидан тайёрланган. Бунда ҳам дизайнернинг қўл меҳнатини кўриш мумкин. Шифон матосидан ишланган кўйлакнинг юпка қисмининг устига гуллардан безак берилган.
Бундан ташқари тўпламда иккита келин либосларини ҳам учратиш мумкин. Қаймоқ рангдаги бу либослар бежирим дурлар билан янада фусункорлик касб этмоқда.
Шунингдек, RA Style бренди дизайнер Раҳматулла Шарипов, Mosdari брендида дизайнер Дарья Москвина, Аделя Фаттахова, «Аристократка» бренди, Gulim - дизайнер Гўзал Атахўжаевалар ҳам шу куни ўз тўпламларини тақдим этишди.
Якунда хонанда Райҳон томонидан ижро этилган қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Кўргазма якунида бир нечта номинациялар (йўналишлар) бўйича ғолиблар эълон қилинди.
Унга кўра:
«Йилнинг энг яхши маст-маркети» йўналишида «Аристократка» бутигининг дўконлар тармоғи;
«Йилнинг энг ёш дизайнери» йўналишида Аделя Фаттахова;
«Мода дунёсида йил янгилиги» йўналишида Ma’ruf бренди;
«Энг яхши миллий услуб» йўналишида дизайнер Камола Холбекова;
«Йил модели» йўналишида Дарина Влади;
«Йилнинг энг ёш модели» йўналишида Дадахўжаева Палиналар ғолибликни қўлга киритди.
Ғолибларга диплом, махсус сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
«Олтин куз-2016» шоу дефилисининг биринчи ва иккинчи куни шарҳини сайтимизда ўқинг.
The Fashion Show «Олтин куз-2016» намойишининг учинчи кунидан тўлиқ фотоҳисоботни бу ерда кўринг.
ИЗОҲЛАР 0