Гулсанам Мамазоитова концертининг илк кунидан
Муҳташам “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон халқ артисти, ҳушовоз хонанда Гулсанам Мамазоитова концертининг биринчи куни мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Концерт бошланишидан аввал, саҳна ортига назар ташладик. Ҳаммада хадик, ҳаяжон ҳисси сезилиб турибди. Айниқса Фаррух Раимовда: - Тўғрисини айтсам жуда ҳаяжондаман дейди, - хонанда. Биринчи марта катта саҳнада жонли ижрода яна устоз санъаткор билан ёнма-ён туриб, қўшиқ айтиш менимча жуда ҳаяжонли бўлади. Лекин ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлайман. Концертга бир ойча тайёргарлик кўрган бўлсак, бугун деярли 100% тайёрмиз деб айтоламан. Бўёғи албатта мухлисларга боғлиқ”.
Зал томошабинлар билан тўлган. Бўш жойнинг ўзи йўқ. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган мухлислар хонанданинг қандайдир янгича ижро қилишидан умидвор. Қисқаси улар Гулсанам Мамазоитовадан ўзгача нарса кутишмоқда. Соат чамаси 19:15 дақиқа ўтди. Мухлислар жуда муштоқ бўлганликларидан хонандани чапаклар, ҳайқириқлар орқали саҳнага чорлашди. Ниҳоят саҳна пардаси кўтарилди.
Саҳна безагига келсак, саҳна бир қават бўлиб, экранлар билан безатилган. Жуда ҳашамдор эмас, оддий бўлса-да, лекин жуда бежирим. Қарсаклар садоси остида кириб келган хонанда оқ биллурдек тобланаётган либосда янада мафтункор бўлиб кўринди. Концертни “ВАТАН” номли қўшиқ билан бошлади. Саҳна экранларида бутун бир коинотнинг гўзал манзараси акс этиб турибди.
“Хуш келдингиз” қўшиғини айтганданг сўнг хонанда, мухлисларга юзланди ва бугун “Наврўз” қизлар ансамбли билан бирга томошабинлар хизматида бўлишини таъкидлади.
Хонанданинг “Булбулча” болалар ашула ва рақс гуруҳи билан бирга куйлаган қўшиғи айниқса болажонларга жуда маъқул бўлди. Чунки залдаги болаларни ҳаттоки ота-оналари ҳам ўрнига ўтказа олмадилар қўшиқ янграганда.
Ёш, умидли хонанда Хуршидбек Ҳамидов билан дуэт куйлади. Шунингдек, “Кел энди”, “Нетай” ҳамда халқ оғзаки ижодидан айтган қўшиғи ҳам барча мухлисларга маъқул бўлди ва уларни рақсга чорлади.
Концертда хонанда мухлисларига совғалар тайёрлаб қўйгани маълум бўлди. Яъни 1 ва 2 қисм оралиғида ноанъанавий тарзда "Имкон шоу" кўрсатуви намойиш этилди. Кўрсатув бошловчиси Ахрорбек Кушматов жонли ижрода кўрсатувнинг навбатдаги сонини тўғридан-тўри саҳнада олиб борди. Бунда залдан олти мухлис таклиф этилди ва улар билан Гулсанам Мамазоитованинг қўшиқлари ижро этилди. Энг билағон мухлис хонанданинг янги жилддаги диски билан тақдирланди.
Концертнинг иккинчи қисмида хонанда зангори либосда янада чиройли эди. Бу блокда Алишер Навоийнинг ғазалларидан таъсирланиб, Гулсанам Мамазоитова “Келгай” номли қўшиғини мухлислар эътиборига ҳавола этди.
Шунингдек, “Онажон” номли қўшиғи ҳам мухлислар эътиборидан четда қолмади, ҳаттоки баъзи онажонларнинг кўзига ёш келтирди.
Яна бу блокда Фаррух Раимов билан дуэт айтди. Фаррух Раимов ҳақиқатдан ҳаяжонда шекилли, бу унинг овоз тонидан ҳам билинди.
Гулсанам Мамазоитовага қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Концерт юз фоиз жонли ижрода. Хонанда концерт охиригача овозини бир хил темпда ўшлаб тура олди. Бу унинг ҳақиқий санъаткорлигидан дарак.
Биз ҳам Гулсанам Мамазоитованинг концертининг кейинги кунлари ҳам шу тарзда муваффақиятли чиқишига тилакдошмиз.
Ҳамкасблар Гулсанам Мамазоитова концерти ҳақида:
Хонанда Абдурашид Йўлдошев: - Концертда одатда Гулсанамдан яхши жонли қўшиқ, чиройли ижро кутамиз. Эътибор берсангиз баъзи хонандалар концертини шоу билан ўтказса, бу эса ўз санъати ва овози билан ўтказади. Мумтоз қўшиқларимизни унинг ижросида тинглаш ёқимли, қолаверса Гулсанамдан фақат яхши қўшиқ кутамиз. Мен Гулсанамни мухлисиман деб айта оламан. Оддий мухлис эмас, балки радиолардан Гулсанамни қўшиқлари берилса, бирга қўшилишиб ижро этаман. Шунуқа мухлисиман. Унинг барча қўшиқларини севиб тинглайман, ҳусусан “СЕНСИЗЛИГИМДА”, “ЛАЙЛИМ” каби қўшиқлари менга жуда ёқади. Бу қўшиқларда унинг янгича услуби ҳам сезилиб туради. Ҳозир унга фақат омад тилайман, дейди – хонанда.
Ёш истеъдодли хонанда Дилсўз: - Мана бугун устозимдек бўлиб қолган Гулсанам Мамазоитованинг концерт дастури бўлиб ўтди. Мен саҳна ортида ўтирибман, лекин худди ўзим концерт бераётгандек ҳаяжондаман. Лекин ҳамманинг қўлидан келмайди, бунақанги катта саҳнада туриб, жонли ижрода концерт бериш. Ҳаяжонни ўзи ҳаммани бошқа дунёга олиб келиб қўяди. Гапириш осон, лекин саҳнада жонли айтиш жуда мушкул. Инсонни кўнглидан нималар ўтмайди дейсиз бу жараёнда. Мен Гулсанам опам билан ёнма-ён туриб ичларидан ўтаётганини сезиб турибман. Шахсан концерт менга маъқул бўлди. Томоша қилиш билан бирга орзу қилиб ўтирибман. Илоҳим бизга ҳам шунақа концерт бериш насиб қилсин.
Концертдан тўлиқ фотоҳисоботни бу ерда кўришингиз мумкин.
Нозима Муяссарова тайёрлади.





ИЗОҲЛАР 0