Истиқлол фарзандлари ёшлар фестивалидан
12 август куни «Туркистон» саройида ёш ижрочи ва ижодий жамоалар иштирокида фестиваль гала-концерти ўтказилди.
Гала концерт бошланишидан олдин, Туркистон санъат саройининг ёзги биносида Зулфия номидаги давлат мукофоти, «Ниҳол» мукофоти, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, халқаро олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг йирик лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритган 300 нафарга яқин ёшлар, ҳамда концерт меҳмонлари Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясини биргаликда куйлашди.
Концерт дастурини актёр Акбархўжа Расулов ҳамда актриса Феруза Норматова жуда ҳам моҳирлик билан олиб боришди. Улар концерт бошланишидаги юқори кайфиятни дастур сўнггига қадар ушлаб туришди.
Гала концертни Алишер Файз ўзининг дилтортар тароналари билан бошлаб берган бўлса, ундан сўнг бирин-кетин хонандалар Манзура, Саида, Шоҳруҳхон, Отабек Муталхўжаев, Ёдгор Мирзажонов, Умидахон, Беҳзод Баҳромов ўзларининг мусиқий табрикларини йўллашди. Ҳар бир хонанданинг чиқишларини мухлислар ўйин-кулгу ва рақслар билан кутиб олишди.
Шоу-бизнесда бетакрор дея таъриф бериладиган Райҳоннинг чиқиши алоҳида таҳсинга лойиқ. Райҳон саҳнада кўриниши билан меҳмонларнинг қувончига қувонч улашди. Унинг «Жавоб бер» қўшиғини барча жўр бўлиб куйлади.
Бундан ташқари гала концертда умуман кутилмаган ҳодиса юз берди. Рио-де-Жанейродан тўғридан тўғри репортаж, яъни Рио-2016 олимпиада мусобоқаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар номидан олимпиада ўйинларининг уч карра бронза медали соҳиби Ришод Собиров фестиваль иштирокчиларини табриклади. Мазкур видео табрик барчанинг кўнглига миллий ғурур, шараф-шон бағишлади. Ришод Собиров «Биз юртимизга, юртимизнинг 25 йиллик байрамига шода-шода медаллар билан қайтамиз»,- дея ўз сўзини якунлади.
Дастур бошловчилари Акбархўжа Расулов, ҳамда Феруза Норматовалар концертнинг қоқ ўртасида ажойиб ўйин ўтказишди. Ўйин шарти эса мустақиллигимизнинг 25 йиллигига энг яхши ва ўзгача табрик йўллаш бўлди. Мазкур вазифани адо этиш учун олти нафар иштирокчи саҳнага чиқди. Биринчи иштирокчи ўзининг меҳр-муҳаббатини хитой тилида сўзлаб намоён қилган бўлса, учала иштирокчи бу шартда ўзи ёзган шеърни ўқиб беришди. Сўнгги яъни олтинчи иштрокчи Муяссар Раззоқованинг «Одамлар асранглар бир-бирингизни», деб номланган қўшиғини куйлаб берди. Ғолиблар концерт меҳмонларининг қарсаклари ёрдамида аниқланди. «Ҳакам қарсаклар»нинг овозига кўра аниқлади. Опера куйлаган иштирокчи мазкур ўйиннинг ғолибаси бўлди.
Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик байрамига актёр Адиз Ражабов томонидан ҳам оригинал табрик йўлланди. Табрикнинг бундай йўсинда йўлланишини ҳеч ким кутмаган эди. Актёр мен ушбу байрам шарафига 25та анжумани олиб бераман дедию, анжумани олди. Санъат саройига йиғилган меҳмонлар ҳар битта анжуманини санаб туришди.
«Божалар» гуруҳининг чиқиши кўтаринки кайфиятни янада кўтара олди. Жаҳонгир Позилжоновдан сўнг саҳнада кўриниш берган Улуғбек Раҳматуллаев ўзининг энг хит таронаси «Қирмизи олма» қўшиғини барча билан биргаликда куйлади. Хонанда Шаҳзода ҳамкасби Улуғбек Раҳматуллаев билан биргаликда «Рашк» деб номланган қўшиғини ижро этди. Бу иккала юлдузнинг дуэти ёшлар, меҳмонлар томонидан жуда ҳам яхши кутиб олинди. Шаҳзоданинг «Ҳамма қўллар тепага» номли қўшиғига санъат саройида ўйнамаган меҳмон қолмади.
«Уммон» гуруҳининг йигитлари бугунги кунда ёшларнинг энг севимли гуруҳларидан бири бўлиб, улар томонидан куйланаётган ҳар бир қўшиқ хит парадлардан тушмаётгани ҳам сир эмас.
«Уммон»чилар бу гал ҳам барчанинг эътибор марказида бўлиб, ўзларининг қўшиқларига ҳаммани хиром айлашига эриша олишди.
Акбархўжа Расулов томонидан мухлисларга етказилган қуйидаги маълумот санъат саройидаги барчанинг давомли, жарангли қарсакларига сабабчи бўлди. Рио-2016 мусобоқаларида иштирок қилаётган Ҳасанбой Дўстматов рақибини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олгани ҳақидаги хабар шу даражада катта ҳиссиётлар тўлқини билан кутиб олиндики, буни таърифлашга сўз ожиз.
Рашид Холиқовнинг «Эй азиз юртим» деб номланган ўтган асрдан буён хитлик даражасини йўқотмаган тарона гала концертга якун ясади.
Қайт этиш жоиз, ушбу гала концертга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган. Ҳар бир чиқиш, саҳна асари, хонандалар ва қўшиқлар кетма-кетлиги, рақслар хуллас барча-барчаси дастур муваффақиятига хизмат қилди.
Батафсил фотоҳисобот бу ерда.





ИЗОҲЛАР 0