Лоланинг узоқ кутилган концерт дастури тафсилотлари
Концертга ташриф буюрар эканмиз, залга йиғилган мухлислар интиқлик билан ўзлари севган хонандаларини кўришга ошиқ эканликлари ва уни жуда ҳам соғинганликларини ҳис этиш мумкин бўлди.
Барча кутаётган кеча сабабчиси Лола, концертини «Энди йўқ» таронаси билан бошлаб берди. Унинг саҳнада мухлислари олдида намоён бўлиши ўзгача тарзда бўлиб, ёрқин чироқлар ва айлана саҳнада олмос тошни эслатувчи шакл ичида, раққослар қуршовида пайдо бўлди.
Хонанда, концерт дастурига ташриф буюрган ижоди шайдолари билан аввал ўзбекчада, кейин русчада саломлашиб, уларни жуда ҳам соғинганлиги ва ушбу кеча барча соғинчи ва меҳрини қўшиқлари орқали тақдим этишини айтиб ўтди.
Концерт дастури тўртта қисмдан иборат бўлиб, Лоланинг ҳаммага яхши таниш қўшиқлари янгича сайқал берилган оҳангларда жаранг сочди. Шунингдек, хонанда янги қўшиғини ҳам мухлисларига тақдим этди. Хонанда аксарият қўшиқларини жонли ижро этди.
Ҳар бир қўшиқ раққосларнинг ўз маъносига эга рақслари ҳамоҳанглида ўтди. Концерт режиссёри Татьяна Круглова концерт дастурини ажойиб тарзда саҳналаштирган. Лоланинг ўзи ҳам гўзал рақслари билан барчани лол қолдирди.
Хонанда мухлисларни концертида нафақат жонли ижроси билан балки кўпгина кутилмаган совғалар билан шод этди.
Улардан бири, қизи Шахинанинг илк марта катта саҳнада онаси давомчиси сингари «Эркатой» қўшиғини ижро этгани бўлди. Жажжи қизалоқнинг ажойиб чиқиши ҳаммага яхши кайфият улашди.
Саҳнада раққослар томонидан ҳосил қилинган ринг пайдо бўлиши ва Рио-2016 Олимпиада ўйинлари олтин медель соҳиби, ўзбек бокс юлдузи Хасанбой Дўстматовнинг саҳнада пайдо бўлиши ҳамманинг катта қизиқишини уйғотди. Чунки у жангга тушиш ҳолатида эди. Барчани у ким билан жанг тушиши қизиқтириб қолди. Мухлисларни узоқ куттирмасдан иккинчи жангчи номи эълон қилинди. У муҳаббат учун курашувчи ишқ соҳчиси бўлиб чиқди.
Жангда муҳаббат учун курашган ишқ соҳчиси ғолиб бўлди ва унинг қаршисига латофатли Лола чиқди. Сирли ишқ соҳчиси хонанданинг дуэтдоши, Шаҳриёр репер бўлиб чиқди. Икки хонанда «Кўникмадим» номли таронани ўзгача сайқалда дуэт бўлиб ижро этишди.
Хонанда барча мухлисларини миллий қўшиқлардан бири бўлган «Отмагай тонг»ни ижро этиб лол қолдирди. Қўшиқ ижро этилишидан аввал эса Ватан ҳақидаги монолог эшиттирилди.
Лоланинг мазкур концеритдаги яна бир дуэтдоши Шохруҳхон бўлиб, улар ҳамманинг севимли бўлиб қолган «Йиғлар осмон» таронасини ижро этишди.
Концерт дастурининг тўртта блокининг учтаси шўх ва ёрқин, рақсларга, ҳиссиётларга бой тарзда ўтди.
Иккинчи қисм эса қолган блокларга нисбатан сокин тароналар ижрочиси билан ўтди. Бу қисмда хонанда яхши дўсти Жамшид Ражабовнинг гитара садолари остида қўшиқларини ижро этди.
Айнан шу блокда хонанда ижтимоий тармоқларида эълон қилган танлов ғолиби Рустам Рустамов ва жуда ҳам ғолиб бўлишни истаган Муқаддас исмли мухлислари билан жонли ижрода дуэт куйлади. Бу икки мухлиснинг ушбу куни севимли хонандалари билан дуэт куйлаш орзулари ушалди.
Концертда меҳмон бўлиб, биз нафақат хонанда ўз мухлисларини балки мухлислар ҳам севимли Лолаларини жуда ҳам соғинганликларини гувоҳи бўлдик. Улар ҳар битта қўшиққа жўр бўлишар, сокин қўшиқлар вақтида эса телефон чироқлари билан уни қўллаб-қувватлаб туришди.
Лола нафис дид эгаси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. У концертдаги бежирим либослари билан бу сафар ҳам барчанинг эътиборини доимгидек ўзига қаратишни уддалади. Либослари устида унинг доимги ҳамкори Зулфия Султон иш олиб борган.
Икки соатлик концерт сўнггида эса Love me таронаси залдаги барча мухлисларнинг жўр бўлиши билан биргаликда ижро этилди.
Соғинчга, меҳрга, ҳиссиётлар жумбушига бой бўлган латофатли Лоланинг концерт дастурининг илк куни «Соғиндим» таронаси билан якун топди.
Концертнинг биринчи кунида хонанданинг ҳамкасбларидан:
Улуғбек Раҳматуллаев;
Муниса Ризаева;
Рухшона ва Санжар Маткаримов, Ёдгор Носировлар меҳмон бўлишди.
Тўлиқ фотоҳисоботни бу ерда кўринг.





ИЗОҲЛАР 0