alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Концертлар ва шоу

Озодбек Назарбеков билан очиқ-ойдин суҳбат

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков сайтимиз орқали ашшадий мухлислари томонидан йўлланган саволларга очиқ-ойдин жавоб берди. Марҳамат сиз ҳам баҳраманд бўлинг.

 


 

1. Ассалому алайкум, Озод ака! Доимо сизни телевизорда кўрганимизда чуқур маъноли ва самимий чеҳрангиз раҳматли отамнинг ўгитлари билан уларнинг кўп бора ўйлаб кейин сўзлашларини эслатади! Илтимос ҳақиқий «оталар»​ ҳақида яна бир бор қўшиқ айтсангиз, чунки отасини ҳурмат қилган инсон ватанга садоқатли ва ўз камчиликларини тузатадиган ҳаётни қадрига етадиган бўлади деб ўйлайман. (Заҳро, Тошкент).

- Ҳаётим ва ижодим давомида Ота мавзусида кўшиқ кўйлаганман. Менинг назаримда,ижодкорнинг ижодий ҳаёти давомида Ота ва Ватан ҳақидаги қўшиқлар  битта ёки иккита яратилади ва ўшанда ҳам умрбоқий бўлиши шарт. Бу йўл-йўлакай ижро этиладиган қўшиқлар эмас. Ота, Ватан мавзусида кўйланган тароналар йиллаб яшаши керак. Бу мавзуга ҳадеб қўл уриб, уни обрўсини тушириш керак эмас, менинг назаримда. Бу билан Ота мавзусида бошқа кўшиқ ижро қилмаймиз демоқчимасман, вақт-соати келганда, яроқли сўзлар учраганда, умрбоқий сўзлар ёрдамида албатта ижро этамиз.

 


 

2. Ассалому алайкум, Озод ака. Сизга саволим қуйидагича, қайси китобни ўқишни яхши кўрасиз ва нима сабабдан? (Дилрабо, Тошкент вилояти).

- Энг кўп ўқийдиганим ва мен ўзи жуда ҳам яхши кўрган китобим – Ҳазрат Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари. Яхши кўришимнинг сабаби, айниқса санъаткорларга таъаллуқли бўлган мавзулар жуда ҳам кўп. Ҳазрат Навоий айнанмана шу китобида кўпроқ санъаткорларга тўхталган. “Cанъаткор ким ўзи? Ким бўлиши керак, қандай бўлиши керак? У ҳаётда, жамиятда ким бўлиши керак?” Мана шу ҳақида кўп ёзилган. Ўзим Ҳазрат Навоийнинг шеърий ғазал китобларини жуда ҳам яхши кўриб мутолаа қиламан. Қўшиқчи бўлганлигим учун ҳам, бу менга ўзимнинг репертуаримда сўз танлашимга катта имконият беради.

3. Озод ака, жаҳон юлдузларидан кимни тинглайсиз ва ижодини кузатасиз? (Шаҳло Аҳмедова).

- Мен Майкл Жексоннинг, Уитни Хьюстоннинг ижодини яхши кўраман, сабаби кўпроқ лирика бўлганлиги учун, умуман ижод йўналиши яқин бўлганлиги учун ҳам яхши кўраман. Тўғри маънода, уларнинг ижодидан илҳом оламан. Энг севиб тинглайдиганим эса Иброҳим Тотлисас.

4. Россия Федерациясида қачон концерт берасиз? Биз оиламиз билан сизнинг ашшадий мухлисингизмиз? (Карима Мавлонова, Оренбург)

- Ўзи ҳар йили бир-икки марта Россия Федерациясига борамиз. Кўплаб шаҳарларида концертлар берамиз. Ҳамма жойда ўзимизнинг ватандошлар кутиб олишади. Бу йил ҳам, пойтахтдаги концертларимиздан кейин, режалаштирилмоқда. Аниқ айтолмайман, лекин ёз ойларининг охиригача Россия Федерациясига бориб келишимиз режалаштирилган. Қачон ва қайси шаҳарга эканлигини, албатта ҳозир ёдимда йўқ, лекин, менимча Оренбургга ҳам борамиз.

 


 

5. «Сафарий» таҳаллуси билан шеърий тўплам чоп этиш ниятингиз борми? (Баҳодиржон Озодов).

- (самимий кулиб) Улар менинг Сафарий тахаллусим борлигини қаердан билишибди? (жиддийлашиб) Шахсан мени ўзимнинг ижодимдан бўлган шеърларим жуда ҳам кам, умуман бармоқ билан санарли. Шеъриятга даъвогарлигим йўқ. Лекин, илҳом жўшган вақт, сал қалам тебратиб тураман. Ҳозир ўз шеърларим билан китоб чоп этиш ниятим йўқ! Чунки, бу ишга қаттиқ киришмаганман. Бир йилда бир-иккита шеър ёзиб тураман. Ўзи 10-15 та шеър ёзган бўлсам, булардан ўтган йилги концерт дастуримда янграган “Дадажон”, бу йилгисидан “Севиб қолмасаммиди” шеърларимни қўшиқ қилиб ижро қилдим. Бу ҳам бўлса, созандаларимнинг “бу яхши қўшиқ бўлади” деганларидан сўнг.

 


 

6. Ҳаёт ва ижодни қандай ажратасиз? (Баҳодиржон Озодов).

- Ҳаёт билан ижоднинг жуда ҳам катта фарқи бор. Санъаткор саҳнадагина санъаткор бўлиши мумкин. Ҳаётда артист бўлмаган яхши, фақат саҳнада бўлиш керак, деб ўйлайман. Ҳаётнинг ўз талаблари, ўз мезонлари бор. Умуман, шунга қараб яшаган яхши. Халқимизда, умуман, бир гап бор “Артистлик қилма” дейишади. Ҳақиқатда, инсон ҳаётда артист бўлмагани яхши, деб ўйлайман. Ўзининг ҳаётида яшаш керак. Ҳаётда оддий инсон бўлиш керак, оилада ота бўлиш керак. Ака бўлса, акалик вазифасини, ука бўлса укалик, ота бўлса оталик, фарзанд бўлса, фарзандлик вазифаларини бажариш керак. Бу вазифалар, ҳеч кимдан, у машҳур юлдуз бўладими, у жуда катта мансабдор шахс бўладими, унинг зиммасидаги мана шу вазифалар уни ҳеч қачон тарк этмаслиги керак. Ҳеч қачон бундан мустасно бўлмаслиги керак. Ўзига юклатилган вазифаларни бажариши лозим. Лекин, саҳнада, ижодкор инсон ҳаётдагидан сал бошқачароқ бўлиши керак.

 


 

7. Она ҳақида клип олиш ниятингиз борми? (Баҳодиржон Озодов).

- Мени назаримда, агар она ҳақида клип қилганимда, шу вақтгача қилган бўлардим. Мен она ҳақидаги ижро қилган қўшиқларимни, авваламбор шахсан ўзим учун ижро қиламан. Биринчи навбатда, ўзим учун, ўзимнинг қалбимга таскин бериш учун! Бу қўшиқларни реклама учун, ёки бу қўшиқлар орқали кимларнидир эътиборини тортиш учун ижро қилганимда, шундай мақсадим бўлганида, албатта клип қилган бўлардим. Чунки, бир нечта яхши, халқ севиб, йиғлаб тинглайдиган қўшиқларим бор, лекин бирортасини клип қилиш ҳақида ўйлаб кўрганим йўқ. Сабаби, биринчи навбатда бу қўшиқлар ўзим учун бўлса, иккинчи сабаб, бу қўшиқларни тинглаганда, ҳар бир эшитувчи, ўз хаёлида клипини албатта, жараённи бошидан ўтказади. Ким ўз онасини қандай ҳурмат қилса, қандай яхши кўрса, онаси ҳақида қандай бир хотиралари бўлса, шу қўшиқларни тинглаганда, кўз олдидан ўтказади. Бежиз кўзига ёш келмайди. Кўз олдидан ўтказгани учун ҳам, ёш келади. Ҳар бир мухлиснинг ўз хаёлидаги клипи бўлиши керак, назаримда. Балки тингловчи мендан кўра бошқачароқ, чиройлироқ ўйлар? Ҳар бир тингловчи бу қўшиқни тинглаганида, ўз хотираларини кўз олдига келтириб, тинглаши мен учун клипдан кўра, яхшироқ.

 


 

8. Куни келиб ўзбек эстрадасида фақат жонли ижрода қўшиқлар айтилиши юзасидан қандай фикрдасиз? (Баҳодиржон Озодов)

- Жуда ҳам яхши бўларди! Агар бу қонун йўли билан тўхтатилса, сал зўравонлик, сал нодемократик ҳолат бўларди. Ҳар бир инсон, ҳар бир шахс, ўз имкониятига қараб, фонограммами, жонли ижро қилишга ҳақли, деб ўйлайман. Чунки, санъаткор ҳам иссиқ жон, инсон. Йил 12 ой жонли ижро қила олмаслиги мумкин. Манаман деган жонли ижродаги санъаткор ҳам, концертини бир неча ой олдин режалаштиради. Шу пайтда, дейлик касал бўлиб қолди, тоби йўқ. Концертни эса қолдириб бўлмайди. Билетлар сотилган, томошабинлар келишади. Мана шундай вазиятдан чиқиб кетиш учун ҳам, шундай ҳолатларда фонограмма ишлатилади. Ёки гала-концертларда, масалан ҳар бир хонанда чиққандан сўнг, унинг созандалари ҳам чиқиб, техник тарафларини тўғрилаб, созлашга ҳам кўп вақт кетади. Бу эса, қандайдир концертнинг ҳароратини тушириб юборади. Шундай ўринларда, фонограмма ҳам зарур, деб ўйлайман. Ўзи кўпроқ бу савол санъаткорларга берилмаса яхши бўларди, назаримда. Чунки, сир эмас, ҳар бир соҳада бозор иқтисодиётига ўтиб бўлинди. Бозор иқтисодиёти, бу истеъмолчи нимани талаб қилса, шуни бериш. Буни бошқача таърифи йўқ. Шундай экан, бугун фонограмманинг кўпайиб кетишига фақат хонандаларгина сабабчи эмас, истеъмолчилар ҳам сабабчи, назаримда. Истеъмолчилар шунга рози бўлишяпти ва катта қилиб, “фонограмма” деб қўйса ҳам, оқиб келишяпти. Дейлик, шу даражага етишимиз керакки, масалан, ҳеч ким танимайдиган бир хонанда, қишлоқдан келиб, “Истиқлол” санъат саройида концерт берса, агар “Жонли ижро” деб ёзиб қўйса, зал тўлиб кетиши керак. Яъни, мухлислар шу даражада, жонли ижрога ўз муносабатини ўзгартиришлари керак. Мана гувоҳи бўляпсизлар, бир неча кундан буён концерт бериляпти, концертда 10 дан ортиқ қўшиқлар жонли ижро қилиняпти. Фонограмма билан жонли ижрога, мухлисларнинг муносабатида, деярли ўзгариш йўқ! Бу уларга ҳам боғлиқ-да! Агар жонли ижрони бошқача қабул қилишганида, мен кейинги блогини ҳам жонли ижро қилишга интилардим. “Кейинги йил албатта, бутунлай ҳаммасини жонли ижрода қилишим керак” деган фикр хаёлимга келарди, мен шунга мажбур бўлиб қолардим. Шунинг учун ҳам, бу ҳар икки тарафдан деб ўйлайман. Нафақат, санъаткордан, мухлислар тарафидан ҳам жонли ижрога муносабат ўзгариши керак.

 


 

9. Қор ва ёмғир, ўзинингизни қайси бирига қиёслайсиз? (Баҳодиржон Озодов).

- (самимий) Кутилмаган савол бўлди. Агар мен ўзимни ўхшатишим шарт бўлса, ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган эканман, менимча қорга ўхшатсам керак. Чунки, қор баланд бўлиб, узоқ туради.

10. “Зиннура” фан клуби билан учрашувлар ташкил қилиб турасизми?Охирги учрашув қачон бўлган? (Баҳодиржон Озодов).

- Охирги учрашув ўтган йили Самарқанд шаҳрида, Ижодий марказда бўлган. 200-300 фан клуб аъзолари йиғилганлар. Бевосита учрашув, савол-жавоблар бўлган, қўшиқлар айтиб, учрашув жуда чиройли ўтган. Уларни қаерда кўрсам, исмим ёзилган, суратларим билан, жуда катта плакатлар билан завқ бағишлаб туришади. Ўйлайманки, менинг ижодий ҳаётимдаги, менга доим куч, завқ бағишлаб турадиган инсонлар. Мен улар билан фахрланаман.
 
11. Фарзандингиз Жафарбекни қайси касб эгаси бўлишини хоҳлардингиз? (Баҳодиржон Озодов).

- Ўғлимни алақачон ҳал қилган йўналиши бор. У ўз келажагини футбол бўйича тасаввур қиляпти, уни бошқа соҳаларга жалб қилиб бўлмаяпти. Инсон ўзи яхши кўрган, меҳр қўйган касби билан шуғулланса, албатта ҳаётда ўз ўрнини топади. Ўғлимга “санъаткор бўлгин”, десам, “дадажон, футбол билан санъатнинг унчалик катта фарқи йўқ! Унда ҳам, машҳурлик, юлдузлик бор” дейди. Унга битта шарт билан футболчи бўлишинг керак дедим, яъни, “чиндан ҳам, ўша мухлисларинг ортингдан югурадиган даражадаги футболчи бўлишинг керак”, дедим.

12. Йиғлаш керак бўлганда нима учун йиғлар эдингиз? ?(Баҳодиржон Озодов).

- Билмадим, аниқ бир нарса учун йиғлай олмайман. Чунки, ижодкор инсон таъсирчан бўлади. Таъсирчан бўлгач, ҳар қанақа ҳолат бўлиши мумкин. Бу менинг ҳаётимга таъаллуқлими, таъаллуқлимасми, оддий бир клип кўриб, ёки фильм кўриб, асар ўқиб, бирор ҳолатни эшитиб... бундай ҳолатлар кўп. Ижодкор инсон, ҳар қандай ҳолатни бўрттириб қабул қилганлиги учун ҳам ижодкор! Шу жиҳати билан бошқалардан фарқ қилади. Оддий воқеалар, ҳолатлар, унга бошқача кўринади. Шунинг учун ҳам, ижодкор инсон таъсирчан бўлиб, ҳар қандай воқеага ҳам йиғлаши мумкин.

13. “Озод Шоу” дастурини Туркистон саройида ўтқазиш вақти келмадими? (Баҳодиржон Озодов).

- Бу дастурни нафақат  “Туркистон”, балки “Истиқлол” санъат саройида ҳам ўтказса бўлади. Лекин, телевизион лойиҳа бўлганлиги учун, биз уни кенгайтириш ниятимиз йўқ! У асосан, эфир учун телешоу! Мухлислар эса, айни вақтда унга завқ бағишлаб туради. Ўзларининг жонли эмоцияси билан бизни сохталикдан сақлаб туришади. Биз уларни мажбурлаб кулдирмаймиз, улар ўзларининг чин, жонли муносабатларини билдирадилар.

14. Энг кўп такрорлайдиган сўзингиз? (Баҳодиржон Озодов).

- Тинчлик бўлсин!

15. Концертдан кейин яна клип чиқарасизми? (Азиза Каримова).

- Ниятимиз бор. Кутилмаган бир клип яратиш ҳаракатидамиз.

16. Қайси давлатларда гастрол сафарларида бўлгансиз? Қайси давлат ошхонасидан мазза қилиб озуқлангансиз? (Азиз Умрзоқов).

-Кўплаб жойларда ижодий сафарда бўлганман. (самимий) Дунёда ўзбек ошхонасига етадигани йўқ! Лекин, нисбатан туркларнинг ошхонаси унга яқинроқ бўлгани учун, ўзига хослиги ҳам бор, менга ёқади. Осиё таомлари ошхонаси, ўзимизга яқинроқ бўлганлиги учунми, менга маъқулроқ.

17. Дунёнинг ҳар бир бурчагидан савол йўллаган мухлисларингизга тилакларингиз?

- Тилагим, мухлисларим ҳамиша бор бўлишсин, соғ бўлишсин! Умуман, бутун дунёда мухлислар бор экан, улар бизни дунёни кўришимизга сабабчи бўладилар. Нафақат Ўзбекистонда яшаб ижод қилиш, балки шу мухлислар туфайли биз дунёга чиқиш билан бирга, ўзимизга кўп янгиликлар оламиз, фикрларимиз, дунёқарашимиз ўзгаради ва энг асосийси, биз мана шу мухлислар сабаб, бошқа давлатларни кўрганда, кўпроқ шукур қилишни ўрганяпмиз!

 


 

Шу саволлардан энг таъсирлиси ва ўзгачаси қайси бўлди?

-“Қор ва ёмғир. Сиз ўзингизни улардан қайси бирига қиёслайсиз?” саволи.

 


 

Сайтимиз томонидан ташкил этилан “Юлдузли суҳбат” ажойиб тарзда кечди. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни энг таъсирлантирган савол Баҳодиржон Озодов томонидан йўлланган “Қор ва ёмғир ўзинингизни қайси бирига қиёслайсиз?” саволи бўлди. Яқин кунларда ғолиб тақдирлаш маросими. Сайтимизни кузатишда давом этинг.

Myday.uz –СИЗ КУТГАН ВА КУТМАГАН ИМКОНЯТЛАР!

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 19-04-2013

ИЗОҲЛАР 6

Меҳмон 15 январ #
Озод ака ман тожикистонли качан тожикистонга кансерд берасиз
Меҳмон 15 январ #
Ассалому алацеум озод ака мае сизни ашади мухлисангиз буламан манга купинчи она хакида укиган ашулангиз екади
Aziza Sultanova 21 май #
Bravo super)))))) suxbat
ЛОЛА 24 апрел #
Ажойиб сухбат булибди!!!
Bahodirjon Ozodov 23 апрел #
Ishlaringizda omad tilayman!!!
myday 19 апрел #
Сайтимиз томонидан ташкил этилан “Юлдузли суҳбат” ажойиб тарзда кечди. Ўзбекистон ҳалқартисти Озодбек Назарбековни энг таъсирлантирган савол Баҳодиржон Озодов томонидан йўлланган “Қор ва ёмғир ўзинингизни қайси бирига қиёслайсиз?” саволи бўлди. Маъмнуният билан Баҳодиржон Озодов сизни табриклаймиз ва бизнинг info@myday.uz манзилимизга ўзингиз ҳақингизда маълумот жўнатишингизни сўраб қоламиз. Яқин соатларда сиз билан боғланамиз ва Озодбек Назарбековнинг махсус совғасини тақдим этамиз.
Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг