Қиличбек Мадалиевнинг концертидан
Уч бўлимга бўлинган дастурнинг биринчи бўлимида еттита тарона куйланди. Дастурнинг илк бўлимида «Ўзбекистон-ўз йўлидан қайтмас Ватан», «Ошиқлигимни айтинг», «Ойни ололмай», «Дўстим», «Тассаввур қил», «Ҳабибим», ҳамда «Дадамнинг мухлислари» каби қўшиқлар жаранг сочди.

Хонанда биринчи бўлим сўнггида хонандани мухлисларга танитган «Дадамнинг мухлислари» деб номланган таронасини жонли ижрода куйлаб берди. Хонанданинг жонли ижросига мухлислар ҳам жўр бўлди.

«Дадамнинг мухлислари» қўшиғидан сўнг, «Бир умр куйлайман еткунча кучим, Дадамни соғинган мухлислар учун» сўзлари иштирок этган янги тарона ҳам мухлислар томонидан жуда яхши кутиб олинди.
Биринчи ва иккинчи бўлим ўртасида Оҳунжон Мадалиевнинг жияни Нодир Холбоев чиқиш қилди. Хонанда Нодир Холбоев Оҳунжон Мадалиевнинг «Сени ҳеч ким севолмайди менингдек» қўшиғини ва ўзининг янги таронасини мухлислар эътиборига ҳавола қилди.

Иккинчи бўлимда куйланган «Чин севги», «Шаҳнозахон келдилар» «Тўхтахон» «Йўл бўлсин», «Кулди баҳор», «Нилуфар» каби қўшиқларининг файзи ўзгача бўлди. Ушбу қўшиқларнинг ҳар бири мухлислар томонидан жуда ҳам яхши кутиб олинганини ва қўшиқ ритми ва оҳангига мос ҳаракат қилиб, рақсга тушганини айтмасак бўлмас.
Қиличбек Мадалиев хонандалар ичида илк бора кутубхоначи опасига бағишлаб «Тўхтахон» деб номланган қўшиқ куйлади.

Хонанда кутубхоначи опасига бағишлаб куйлаган таронасининг яратилиш тарихини қуйидагича изоҳлади: «Бир куни кутубхонага кирсам, кутубхоначи опа, «Қиличбек, мен отангизнинг ижодини жуда ҳурмат қиламан, уларнинг қўшиқларини севиб тинглайман. Сизнинг ижодингизни ҳам жуда ҳурмат қиламан. Шу вақтгача деярли барча қизларнинг исмига қўшиқ куйланган, аммо менинг исмимга атаб умуман қўшиқ айтилмаган», деб қолди. Уларнинг гапи хаёлимдан чиқмади ва айнан уларнинг исмларига атаб қўшиқ ёзишга қарор қилдим»,- дейди хонанда.
«Тўхтахон» қўшиғи жуда ҳам рақсбоп бўлиб, ўйнамаганни ҳам ўйнатди десак муболаға бўлмайди.

«Она» деб номланган ажойиб таронани куйлагандан сўнг хонанда ўзи тайёрлаган гулдастани онасига совға қилди.

Ушбу қўшиқдан сўнг хонанда гул олиш базмини амалга оширди. Хонанда мухлислар олиб келган гулни саҳнадан туриб олмади, балки мухлисларнинг ёнига тушиб, мухлислардан раҳматларни эшитиб, сўнг режага киритилган қўшиқни куйлади.
Хонанда Қиличбек Мадалиев актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедова билан биргаликда дуэт куйлаши ҳам кутилмаган воқеа бўлди десак янглишмаймиз. Бу дуэтни мухлислар ҳам жуда яхши кутиб олишди.



Аброр Бахтиёрович ва Олим Ака иккинчи бўлим сўнггида ўзларининг ичак узди ҳазиллари билан мухлисларнинг кайфиятига кайфият қўша олишди.

Учинчи бўлимдаги деярли барча қўшиқларнинг муаллифи хонанданинг дадаси Оҳунжон Мадалиев бўлиб, бу қўшиқларни мухлислар хонандага жўр бўлиб куйлаганини алоҳида эътироф қилмасак бўлмас.
Хонанда «Сени бугун кўрмасам бўлмас» деб номланган таронасини жонли ижрода куйлагани ҳам айни муддао бўлди. Хонанданинг жонли ижроси ҳам эътироф қилишга арзиди. Аввалдан режада бўлмаган ҳолда, шу даражада куйлаган хонанда кейинги концертларини 100% жонли ижрода ўтказса ҳам бўлар экан деган тассаввур уйғота олди.
Бизнингча хонанданинг уч йиллик танаффусдан кейинги концерт дастури ҳар жиҳатдан яхши ўтди.






ИЗОҲЛАР 0