Райҳоннинг концертига старт берилди
Ушбу концертга хонанда алоҳида ва пухта тайёргарлик кўрганини концертнинг ҳар онида ҳис қилиш мумкин. Концерт олти қисмдан иборат бўлди ва жами 23та тарона ижро этилди. Шоу «Алданган юрак» таронаси билан бошланди ва илк сонияларданоқ томошабинларни салобатли ва бетакрор декорация билан ҳайратда қолдирди.
Дастурнинг биринчи бўлими «Томчи», «Только любовь», «Айт нега» қўшиқлари билан давом этди. Дастур бошиданоқ томошабинлар фаол бўлишди ва Райҳонни давомли қарсаклар билан қўллаб қувватлашди. Райҳоннинг «Только любовь» номли таронаси украиналик истеъдодли авторлар, машҳур ижодкор Maruv қўшиқларининг муаллифлари билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, мазкур концерт дастурида илк бор куйланди.
Иккинчи қисм эса «Армондан сўра» таронаси билан бошланди. Томошабинлар бир-биридан ажойиб рақс саҳналари билан бир қаторда ёрқин лазер шоунинг ҳам гувоҳи бўлдилар. «Ёлғонми» таронаси жаранг сочгандан сўнг хонанда саҳнага доимий ҳамкори, дўсти, бастакор ва матнлар муаллифи Якзонни таклиф этди. Шоу-дастурнинг энг ёдда қоладиган лаҳзаларидан бири ана шу ерда бошланди. Концерт дастуридан аввал Райҳон Инстаграм ижтимоий тармоғи орқали эълон қилган танлови натижасида мухлислар томонидан энг кўп овоз тўплаган тароналар концертда жонли тарзда, утига-устак томошабинлар билан биргаликда куйланди. Якзон Инстаграм орқали бу жараёндан тўғридан-тўғри репортаж олиб борди.
Учинчи қисм бироз қисқароқ бўлишига қарамай, мухлисларнинг давомли олқишига сазовор бўлган номерлар билан эътиборни тортди. Бу блокда ўзбек эстрадасининг севимли хонандаларидан ҳисобланмиш Манзура бир эмас, икки дуэт тарона билан меҳмон бўлди. Улардан биринчиси орадан ўн йил ўтса ҳам ҳамон юракларни ларзага соладиган «Мен бу мен» таронаси бўлса, иккинчиси мухлислар томонидан жуда илиқ кутиб олинган янги таронадир. Айнан шу бўлимда сеҳрли овози билан машҳур хонанда Севара Назархон ҳамкасбини қутлаш мақсадида саҳнага кўтарилди.
Тўртинчи блокда мухлислар Райҳон ва Улуғбек Раҳматуллаев томонидан куйланган янги таронага гувоҳ бўлдилар. Шу билан бирга айнан шу блокда хонанда томошабинларни раққосалик истеъдоди билан лол қолдирди. Профессионал раққосалар билан тенгма-тенг ижро этилган арабча рақс катта олқишларга сазовор бўлди.
Бешинчи ва олтинчи блоклар жуда қувноқ лаҳзаларга бой бўлди. Чунки хонандани қўллаб-қувваташ учун «Браво» жамоаси ташриф буюриб, концерт чиройли ўтишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Шунингдек томошабинлар Райҳоннинг Халимахоним билан куйлаган дуэти ва Жаҳонгир Позилжонов билан ҳамкорликда яратилган тароналарга ҳам гувоҳ бўлдилар. Лекин энг кутилмаган дуэтдош хонанда ўйлашимизча Шоҳжаҳон Жўраев бўлди.
Дуэт тароналарга бой бўлган #RayhonShow2020 ҳар доимгидек ёрқин, ранг-баранг, ўзгача ёндашув, кутилмаган лаҳзаларга бой бўлди.
Концертга хонанданинг доимий ҳамкори Эля Мулюкова режиссёрлик қилган. Хонанда имижини яратишда дизайнер ва стилист Ирода Ағзамхўжа тер тўккан.
Концерт дастуридан тўлиқ фотоҳисоботни бу ерда кўришингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 20 февраль куни старт олган концерт 23 февраль куни ниҳоясига етади.
ИЗОҲЛАР 0