Санжар Ҳолиқовдан тез кунда янги клип
Ҳаммага яхши таниш «Шаҳзод» гуруҳи солисти, Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқовнинг тўнғич фарзанди Санжар Ҳолиқов ўзбек санъат оламига «Ширин» номли қўшиқ ва унга ишланган клип билан кириб келганлиги ҳақида аввал хабар берган эдик.
Бу соҳага эндигина қадам қўяётган ёш хонанда, иккинчи ижод иши бўлмиш «Эркатойим» номли таронасига ўз ишининг мохир усталаридан иборат ижодий жамоа билан биргаликда клип суратга олдирди.
Клип тасвирга олиш ишлари бир неча кун давом этиб, «Ўзбекфильм» павильонида амалга оширилди.
Видео устида икки режиссёр Нозим Жумаев ва Жасур Шаметовлар иш олиб боришди. Клипдаги қаҳрамонлар образини дизайнер Хилола Шер яратган. Шунингдек, Zlotnikov Dance рақс жамоаси ҳам иштирок этган.
Санжар Ҳолиқов ижро этган «Эркатойим» қўшиғи сўзи ва мусиқаси Шахбозга мансуб. Мусиқий сайқални Жасур Бадалбаев амалга оширган.
Биз суратга олиш майдонида иштирок этдик ва Санжар Ҳолиқов билан суҳбатлашдик:
- Санжар клип ғояси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Мана бир неча кундан бери «Ўзбекфильм» павильонида икки режиссёр бошчилигида янги клипни олмоқдамиз. Клип сюжети ҳозирча сир, аммо қизиқарли воқеаларга бой бўлади дея оламан. Холола Шер менга клип учун бир қанча ёрқин образларни яратдилар. Клипда бош ролда ўзим ва адамлар, Рашид Ҳолиқов. Шунингдек, Кристина исмли қаҳрамонимиз ҳам бор. Томошабинга мазкур ишимиз маъқул келишига катта умид боғлаганмиз.
- Омма ҳукмига илк тақдим этган қўшиғингиз «Ширин» ва унга ишланган клип бўлди. «Эркатойим» ҳисоб бўйича иккинчиси бўлади. Бошқа бир ижро этган янги қўшиқларингиз ҳам борми?
Ҳа албатта, бир нечта ижро этиб қўйган қўшиқларимнинг демо-версиялари мавжуд. Мазкур клип тайёр бўлиб, томошабин ҳукмига тақдим этилгандан сўнг, шу тароналар устида ишлашни давом эттираман. Ҳар куни ўзимни ижодга бағишлаб, студияга бориб, ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан.
Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артист Рашид Ҳолиқов:
«Ушбу видеомаҳсулот Санжарнинг иккинчи клипи бўлиб, қизиқарли воқеларга бой. Унда етарли даражада графика ишлатилган ва учта декорациядан фойдаланилган. Клипнинг асосий ғояси менга тегишли. Иш жараёнида эса ижодий жамоа билан биргаликда маслаҳатлашиб, клип сюжетини янада қизиқарли қилишга ҳаракат қилдик. Мухлисларга Санжарнинг мазкур иши маъқул келиши учун биргаликда барчамиз бор кучимизни сарфламоқдамиз».
Демак, тез кунда ёш хонанда Санжар Ҳолиқовдан янги клипни кутиб қоламиз.





ИЗОҲЛАР 0