
Шаҳзоданинг концерт дастуридан
Декорация
Хонанда саҳна безатишда одатдагидек оддийликка катта аҳамият берган. Саҳна учта катта лэд-панеллар ва марказда ўзгарувчан кўчма девор билан безатилган. Мониторларда қўшиқларга ҳамоҳанг тарзда видео тасвирлар алмашиб турди.
Репертуар
Концерт дастури учта блокдан иборат бўлиб, 19та тарона жаранг сочди. Улар орасидан янги қўшиқлар билан бир қаторда хит бўлишга улгурган ижод намуналари, шунингдек, дуэтлар ўрин олган эди. Концертга ташриф буюрган мухлислар хонанданинг «Қўллар тепага», «Чикко», «Billioner» каби тароналарини биргаликда ижро этдилар десак ҳам бўлади.
Дуэтлар
Мафтункор Шаҳзода концерт давомида тўрт марта дуэт куйлади. Хонанданинг илк дуэтдоши Ёрқинхўжа Умаров бўлиб, улар биргаликда Шахзоданинг энг машҳур тароналаридан бири бўлмиш «Қўллар тепага»ни ижро этдилар. Иккинчи блокда хонанда таниқли «Беном» гуруҳи вакиллар Сарвар ва Комил билан тожикча қўшиқ куйладилар. Шаҳзоданинг навбатдаги дуэтдоши унинг қадрдон дугонаси ва ҳамкасби Нилуфар Усмонова бўлди. Машҳур «Чикко» таронасини эса хонанда тўнғич ўғли Салих билан биргаликда куйлади.
Рақслар
Концерт дастури давомида томошабинлар замонавий рақс ва балет кўринишларидан баҳраманд бўлдилар. Шаҳзоданинг ички кечинмалари ва дунёсини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Ҳамраева етказиб беришга ҳаракат қилди. Хонанданинг «Жажжи қизалоқ» таронаси жаранг сочганда «Тантана» гуруҳининг жажжи қизалоқлари рақсга тушдилар.
Костюмлар
Хонанданинг концерт дастури учун дизайнер Зулфия Султон томонидан уч хил образ яратилган бўлиб, уларнинг ҳар бири нозик дид ва катта меҳр билан яратилгани яққол намоён бўлди. Ҳар бир образ Шаҳзоданинг нозик қалби ва мафтункорлигига урғу бериб турди. Раққосларнинг образлари устида ҳам алоҳида ишланган бўлиб, деярли ҳар бир тарона учун уларнинг либосларидаги деталлар ўзгариб турди.

ИЗОҲЛАР 0