Шоҳруҳхоннинг концертига старт берилди
Ушбу концертга хонанда алоҳида ва пухта тайёргарлик кўрганини концертнинг ҳар онида ҳис қилиш мумкин. Концерт 3 қисмдан иборат бўлди. Шоу «Нигорим» таронаси билан бошланди ва илк сонияларданоқ томошабинларни салобатли ва бетакрор декорация билан ҳайратда қолдирди.
Дастурнинг биринчи блокида «Дарак йўқ», «Сен йиғлама», «Атиргуллар», «Алдамадим», «Аёл», «Мен сени севаман» ва «Аида» қўшиқлари ижро қилинди. Дастур бошиданоқ томошабинлар фаол бўлишди ва Шоҳруҳхонни давомли қарсаклар билан қўллаб қувватлашди.
Иккинчи қисм эса «Севгилим» қўшиғи билан бошланди. Томошабинлар Шоҳруҳхон ва ажойиб актёр Муҳаммадисо Абдулҳайиров ўртасидаги такрорланмас ҳамкорликнинг гувоҳи бўлишди.
Учинчи қисмда ҳам 8 тарона ижро қилинди. Улар ичида Жаҳонгир Позилжонов билан бўлган «Бойландим» дуэти ҳам жой олган. Мазкур дуэтни улар мухлислар орасида куйлашди. Бу ҳам томошабинларга алоҳида кайфият бағишлади. Концертнинг учинчи қисмида у волидасига бетакрор гулдасталарини тақдим қилди.
Концерт дастурида жами 11 та янги тарона премьера сифатида мухлисларга тақдим қилинди. Бу қўшиқларни яратишда у Фаррух Бадалбоев, Жасур Бадалбоев, Хушнуд Дарвеш ва бошқа кўплаб ижодкорлар билан ҳамкорлик қилган. Ҳар бир композицияга мос рақс саҳналари тайёрланган.
Концертга Сарвар Исаев режиссёрлик қилди. Рақсларни «Тумор» рақс дастаси билан бирга Злотников рақс марказининг раққос ва раққосалари ижро этишди.
Эслатиб ўтамиз, 9 февраль куни старт олган концерт 14 февраль куни ниҳоясига етади.
ИЗОҲЛАР 0