Юлдуз Усмонова концерти 2021
Концерт жўшқин рақс саҳналари билан бошланиб, Юлдуз Усмонова саҳнага раққосалар қуршовида чиқиб келди. Концертни хонанда «Баҳор бўлади» таронаси билан бошлаб берди.
Қўшиқ тугагач, мухлислар билан саломлашиб, уларга дилдаги соғинчини изҳор этди ва ўз мухлислари билан яна дийдор кўришишга сабабчи бўлган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Концертнинг биринчи қисмида шунингдек, «Дунёларидан», «Шўх болалар», «Мен сени севаман», «Келади» каби тароналар жаранг сочди.
Уч блокдан иборат бўлган концертнинг биринчи блок сўнгида саҳнага сўз устаси Шукрулло Исроилов ва Халимахонимлар чиқиб, томошабинлар юзига кулгу улашди.
Концертнинг иккинчи қисми «Санамей» номли тарона билан бошланди. Бу блокда, шунингдек, «Йиғлайди», «Биё биё», «Бошга бало», «Омон бўлинг», «Онажоним» тароналари ижро этилди.
Учинчи қисм олдидан раққос ва раққослар ўзларининг бор маҳоратларини намоён қилиб, турк миллий рақсини ижро этишди.
Учинчи блокда хонанданинг «Юрак», «Сени дейман», «Дам дам», «Олдида», «Севги изҳори», «Аёллар» каби тароналари жаранг сочди. Хонанда бутун зални ларзага солган янги «Ғанимат» номли таронасини сўнгги йилда орамизни тарк этган юрдошларимизга бағишлаб куйлади. Қўшиқ ижроси давомида саҳнадаги марказий мониторда ҳаётдан кўз юмган санъаткорлар, жумладан Фатҳулла Маъсудов, Хошим Арслонов, Абдураим Абдуваҳобов, Равшан Йўлдошев ва бошқаларнинг суратлари намойиш этилди.
Бу йилги концетда жами 20 дан зиёд тарона ижро этилди. Албатта, тароналарнинг деярли барчасида рақслар ижро этилди. Бош балетмейстер, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшаной Шарипова бўлди. Рақсларни «Наврўз» ва «Тошкент зеболари» рақс ансамбли раққос ва раққослари ижро этишди.
Концертдан барча фотосуратларни бу ерда кўришингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, концерт 25 мартга қадар давом этади.
ИЗОҲЛАР 0