G'uncha Art Space лойиҳасининг биринчи кўргазмаси
G'uncha Art Space лойиҳаси Инесса Болтянская ва «Art of Beauty» студиясининг асосчиси Наталья Ахмедоваларнинг бошчилигида тузилган. Кўргазмада 100 дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда. Бу сўнгги йиллардаги кўп сонли замонавий рассомлар иштирок этган биринчи кенг кўламли кўргазма.
Шарифа ва Дониёр Шарафхўжаевлар ёғочдан ясалган ҳайкаллар ва чуқур маънога эга расмлар тўпламини намойиш қилдилар. Бобур Алимхожаевнинг «Балериналар» номли расми эса ҳар бир кўргазма меҳмонида катта таассурот қолдиради.
Сардор Эркинов ҳижоб ўраган аёлларнинг салобати, гўзаллиги ва миллийликка бой дунёсини очиб берувчи рангларга бой турли-хил асарларини намойиш этди.
Бухоролик истеъдодли рассомлар – Санжар Жабборов ва Бекзод Каримов биринчи маротаба бу каби кенг кўламли кўргазмада иштирок этишди, шунга қарамай улар яратган асарлар кўпчиликда кенг таассурот уйғотди.
Изланувчан рассом - Тамилла Султонова учун ҳам ушбу кўргазма биринчилардан бўлди. Тамилла ўз асарлари учун Ўзбекистоннинг миллий меросларини асос қилиб олган, яна у, расм чизишни яқинда бошлаганини ҳам эслатиб ўтди.
Нигина Холмухамедова – энг қувноқ ва чиройли табассум соҳибаси учун гўзал шаҳарлар, мамлакатлар ва дунёнинг турли бурчаклари илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Келгусидаги режаларидан бири, яна шу каби кўргазмаларда янги расмлар тўплами билан қатнашиш эканини айтди.
Истеъдодли рассом, Моҳира Муллажанова учун илҳом парилари Тошкентнинг эски кўчалари ва хиёбонларида беркинган бўлиб, у ўз асарларида буни моҳирона кўрсатиб берган. Рассом меъморий биноларни қадрлашга ва саъатни аллақачон урфдан чиқиб кетган нарсаларда кўришга ундайди.
Кўргазмага 25 июлга қадар ташриф буюришингиз ва бошқа рассомларнинг асарларини томоша қилишингиз мумкин.
Кўргазма бўлиб ўтиш санаси: 23-25 июль
Соат: 11: 00-20: 00
Кириш бепул
Манзил: Hilton Tashkent city меҳмонхонаси
ИЗОҲЛАР 0